39815

Ўзбекистонда илк бор. Уйда ўқиб ҳам олий маълумот олиш мумкин

Ўзбекистон 23 май 17:00 963

Янги ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимида махсус сиртқи бўлим талабалари учун дарслар масофадан туриб онлайн тарзда ўқитилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 августида «Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида»ги  ПҚ-3183 сонли Қарори асосида 15 та олий ўқув юртида 8 та йўналиш бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилган.

Эндиликда жорий этилган онлайн ўқитиш платформаси ёрдамида сиртқи таълим талабалари,  масофадан туриб, ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда таълим олиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда марказ ахборот хизмати Asr.Uz’га хабар қилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 ноябрдаги «Олий таълим муассасасида сиртқи (махсус сиртқи) ва кечки (сменали) таълимни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги 930-сон Қарорида сиртқи ва кечки таълим талабалари учун масофадан туриб таълим бериш белгиланган. Жорий этилган онлайн ўқитиш курс платформаси мазкур Қарорни амалиётга тадбиқ қилишда катта аҳамиятга эга.

Онлайн ўқитиш платформаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Таълим муассасаларида электрон таълимни жорий этиш маркази томонидан жорий этилди. Бугунги кунда махсус сиртқи таълимнинг 144 та дарслиги таянч олий таълим муассасаси билан биргаликда масофавий ўқитиш формати асосида ишлаб чиқиш йўлга қўйилди. Масофавий таълимни амалга оширишнинг навбатдаги босқичида олий таълимнинг ситрқи ва кечки таълим учун масофавий ўқитишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Сиртқи ва кечки таълим дарсликлари ҳам босқичма-босқич онлайн ўқитиш тизимига ўтказилиб борилади.

Онлайн ўқитиш курсини ташкил қилиш учун мўлжалланган платформада барча зарурий элементлар яратилган. Хусусан, маъруза, видеодарс, тест, топшириқ, чат, форум, сўровнома, глоссарий, тескари алоқа ва вебинар шулар жумласидандир. Шунингдек, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида платформани ижтимоий тармоқлар билан интеграцияси амалга оширилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мамлакатимиз олий таълим тизимига масофавий таълимни жорий қилиниши давлат учун ҳам талаба учун ҳам таълим харажатларини қисқартиришга ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида, қабул квоталарини ошишига хизмат қилади.  Шунингдек, талабаларнинг иш жойидан ажралмаган ҳолда таълим олишлари ўзаро икки фаолият – таълим  ва меҳнат фаолиятларининг уйғунлашувини таъминлашда ҳам аҳамиятли ҳисобланади.

Изоҳ билдириш