45912

Ўқишга кира олмаган яна 100 абитуриент талаба бўлди

Ўзбекистон 15 август 9:30 1 387

2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон миллий университетида “5120101-Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили” таълим йўналиши ҳамда Тошкент давлат педагогика университетида “5111200- Ўзбек тили ва адабиёти” таълим йўналиши бўйича кадрлар тайёрлаш қайтадан йўлга қўйилади.

Бу ҳақида Президент Ш.Мирзиёев 2018 йил 20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида ўтказилган мажлисда топшириқ берган эди.

Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, қуйидаги қўшимча квоталар ажратилди:

Ўзбекистон миллий университети учун “Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили” таълим йўналиши бўйича – 50 та;

Тошкент давлат педагогика университети учун “Ўзбек тили ва адабиёти” таълим йўналиши бўйича – 50 та.

Бу 100 та ўрин қандай тўлдирилади?

Қўшимча ажратилган бу 100 та квота Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига жорий йилда ҳужжат топшириб, тўлов-контракт учун етарли балл тўплай олмаган мос таълим йўналишлари абитуриентлари ҳисобидан шакллантирилади.

Бу нима дегани?

Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг “Филология ва тилларни ўқитиш: ўзбек тили” таълим йўналиши бўйича контрактнинг энг охиридан (168,6 балл) кейин турган 50 нафар йиқилган абитуриентлар ЎзМУ талабаси бўлди.

Худди шундай Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг “Ўзбек тили ва адабиёти” таълим йўналиши бўйича контрактнинг энг охиридан (160,9 балл) кейин турган 50 нафар йиқилган абитуриентлар Педагогика университети талабаси бўлишди.

Бунда баллар кетма-кетлигига қатъий риоя қилинади.

Контрактми, бюджетми?

Ушбу 100 нафар омадли абитуриентлар тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Эътиборли томони бу қўшимча контракт эмас, яъни улар оддий миқдордаги контракт тўлаб ўқишади.

 

Изоҳ билдириш