41436

Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ саммитидаги кун тартиби маълум қилинди (видео)

Ўзбекистон 8 июнь 0:18 484
Фото: President.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлиси доирасида қатор давлатлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади.

Президент матбуот котиби Комил Алламжоновнинг билдиришича, Президент Шавкат Мирзиёев Циндаога 8 июнь куни кечга яқин етиб келади. Давлатимиз раҳбари 9 июнь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳамда Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитининг асосий тадбирлари 10 июнь кунига белгиланган. Бу йилги саммитнинг ўзига хос томони шундаки, у илк бор “саккизлик” форматида бўлиб ўтади.

Циндаода ташкилотга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари аввал тор доирада, кейин кузатувчи мақомидаги давлатлар етакчилари билан биргаликда кенг доирада музокаралар ўтказади. Ушбу учрашувларда сиёсат, хавфсизлик, савдо, иқтисодиёт, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Музокаралар якунида қатор кўп томонлама ҳужжатлар имзоланади.

Жумладан, Циндао декларацияси қабул қилиниши, Терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича 2019-2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қоидаларини амалга ошириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси, Ёшларга мурожаат ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

2018-2019 йилларда ташкилотга раислик қиладиган давлат тўғрисида қарор қабул қилиш, кейинги уч йиллик даврга ШҲТ бош котиби ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори лавозимларига номзодларни тасдиқлаш кўзда тутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев шу куни Покистон Ислом Республикаси Президенти Мамнун Ҳусайн ҳамда БМТ раҳбарияти билан учрашув ўтказиши ҳам режалаштирилган.

  • Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида олиб борилаётган ижобий ўзгаришларни тилга олиш мумкин жумладан
    бир қатор давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланди. БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Шунингдек, Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтадиган ШХТ саммитида Президентимизнинг ташрифи ва у ерда бир нечта етакчи давлат рахбарлари билан мулоқат қилишлари мамлакатимизнинг нуфузини яна бир поғонага кўтаради. Албатта бу мухтарам юрт бошимизнинг оқилона олиб бораётган сиёсатлари натижаси меваси.

Изоҳ билдириш