10395

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда от спортини ривожлантиришга оид қарор қабул қилди

Ўзбекистон 20 июнь 9:06 363

15 июнда қабул қилинган 3057-сонли президент қарорига биноан Ўзбекистонда йилқичилик ва от спортини ривожлантириш бўйича бир қатор муҳим ишлар амалга оширилади

Ушбу мақсадда Қашқадарё вилоятида, «Ўзбекнефтегаз» миллий компанияси ёрдамида Қорабайир зотли отларини етиштириш ва селекция қилиш мажмуаси яратилади.

Тошкент ҳокимияти эса, бирданига иккита мажмуа — Ахалтеке зотли отлари етиштириш бўйича «Ўзбегим отлари» ва спорт отлари етиштириш бўйича «Ўзбек спорт отлари» мажмуалари қуришни ўз зиммасига олди. Зотли отлар селекцияси билан бир қаторда Тошкент Отчопари ҳам қайта таъмирланиб Халқаро от спорти федерацияси талабларига жавоб берадиган даражада жиҳозланади.

Хусусан, ипподромда отларни карантинда сақлаш ва ветеринария маркази пайдо бўлади. Шунингдек, бу ерда от спорти бўйича Республика тренер ва судъялар маркази, ветеринар ва тақачилар мактаблари пайдо бўлади.

Яна бир катта янгилик, бу Ўзбекистон От спорти федерацияси бундан буён зотдор отларнин етиштириш билан ҳам шуғулланади. Бунинг учун федерация ихтиёрида махсус фонд ташкил қилинади. Шундай қилиб, зотдор, спорт ва хизмат отларини етиштириш ва селекция қилиш билин ягона тизим шуғулланади. От спорти федерацияси ва йилқичилик фонди барча солиқлардан озод қилинди.

Юқорида айтилган ишлардан ташқари, Ўзбекистонда умумий ҳисобда йилқичилик ва зотдор отлар етиштирувчи хўжаликлар фаолиятига ёрдам берилади. Ушбу мақсадга эришиш учун Мирзиёев махсус ташкил қилинган ишчи гуруҳга 2021 йилга қадар мўлжалланган Ўзбекистонда зотдор отлар етиштириш ва от спортини ривожлантиришга қаратилган чора тадбирлар ишлаб чиқишни топширди.

Изоҳ билдириш