44909

П.Бобожонов Самарқандда йиғилиш ўтказди

Ўзбекистон 19 июль 15:06 1 148

Самарқанд вилояти ички ишлар органлари фаолиятига доир танқидий йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоятнинг айрим ҳудудларида ҳуқуқ-тартибот идоралари кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар қаттиқ танқид қилинди. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг кўрсатмасига мувофиқ, Бош прокурор ва Ички ишлар вазирининг қўшма фармойиши асосида Ички ишлар вазири П.Бобожонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан Самарқанд вилоятида жорий йилнинг 13-17 июль кунлари ички ишлар органлари фаолиятининг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга мувофиқ ташкил этилганлигига баҳо бериш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Вазир бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятининг барча шаҳар-туманлари ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматларининг ходимлари билан бирма-бир суҳбатлашиб, уларнинг хизмат фаолиятини атрофлича кўриб чиқдилар.

Бунда, жойларда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш аҳволи, ҳар бир ходимнинг соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли англаб етганлиги ва уларни ҳаётга татбиқ этишдаги дахлдорлик ҳисси, фуқаролар билан мулоқотларда белгиланган тартиб-таомилларга риоя этиш ва хушмуомалада бўлиш, шунингдек, хизмат фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар ва йўл қўйилаётган камчиликларнинг туб сабабларига алоҳида урғу берилди.

Ўрганиш давомида вазир вилоятдаги ички ишлар органлари ходимларини соғломлаштириш марказига ташриф буюриб, даволанаётган фахрийлар, ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан учрашди ва яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Масканда даволанувчиларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун концерт ва маданий тадбирлар ташкил этиш бўйича топшириқ берилди, Самарқанднинг тарихий обидаларига зиёрат ташкил этиш учун “Дамас” русумли автомашина топширилди ҳамда кутубхона фондини янги китоблар билан тўлдириш мақсадида вазирлик ҳисобидан 20 миллион сўм пул маблағи ажратилди.

Фуқароларимизнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришлари учун муносиб шарт-шароит яратиш, уларга яқиндан кўмаклашиш мақсадида, вилоятнинг Ургут тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди ва ҳудудда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга янгича ёндашув билан ходимлар томонидан хизмат олиб боришга замин яратди.

Ушбу тадбирда иштирок этган туман фаоллари ва меҳнат фахрийлари Ички ишлар вазири билан мулоқот чоғида Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида республикамизда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар учун катта миннатдорчилик изҳор қилиб, туман ички ишлар органлари фаолиятига доир ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Вилоятда ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни муҳокама қилиш ҳамда вужудга келган салбий вазиятни зудлик билан бартараф этиш мақсадида шу йилнинг 17 июль куни вилоят Ички ишлар бошқармасида Ички ишлар вазири П.Бобожонов бошчилигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Бош прокуратура, вилоят ҳокимлиги ва ички ишлар органлари масъул ходимлари иштирок этдилар. Кун тартибидаги масала юзасидан айрим ички ишлар органлари ходимларининг фуқаролар билан мулоқот қилишдаги ноўрин хатти-ҳаракатлари, раҳбарларнинг масъулиятсизлиги ва бепарволиги ҳамда қўл остидаги ходимлари устидан кунлик назоратни лозим даражада ўрнатмаганликлари оқибатида тизимли камчиликларга йўл қўйилаётганлиги ва бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши, бундай ҳолат муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотларнинг пировард мақсадларига мутлақо жавоб бермаслиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда вилоятнинг айрим ҳудудларида ҳуқуқ-тартибот идоралари кенг жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш, аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар қаттиқ танқид қилинди.

Ички ишлар вазири хизмат фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, унинг ўринбосарлари, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бошқармалари бошлиқлари ҳамда Самарқанд шаҳар, Нуробод, Жомбой, Пайариқ, Оқдарё, Тойлоқ, Самарқанд, Иштихон ва Пастдарғом туманлари Ички ишлар бўлимлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб, уларнинг ишга бўлган муносабатини ўзгартириш ва иш натижадорлигини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйганлиги учун вилоят ИИБ бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари О.Рахмонов, Самарқанд шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Ганиев, Қўшработ туман ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Х.Усманов, Тойлоқ тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари М.Маҳкамов, Оқдарё туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Н.Усанов, Самарқанд вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг кадрлар бўйича ўринбосари Н.Тилавов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноят қидирув, тергов, кадрлар билан ишлаш хизматлари ходимларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳар ва Самарқанд тумани ички ишлар органларининг барча ходимларини навбатдан ташқари шаҳодатлашдан ўтказиш бўйича топшириқ берилди.

Изоҳ билдириш