36631

Нурулла Қаюмовни ким, нима учун айблаган эди?

Ўзбекистон 20 апрель 17:20 275
Фото: «XXI аср» газетаси

Таҳририятимизга келган мактублардан бири фуқаро Нурулла Қаюмовга тааллуқли. Ўз вақтида муносиб хизматлари учун “Жасорат” медали билан тақдирланган Н. Қаюмов 2007 йилнинг сентябригача Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ҳоким бўлиб ишлаган. Ўша йил 5 сентябрда унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси кўрилади. Унга қўйилган айбловнинг қисқача мазмуни шундай: Жиноят кодексининг қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, шу кодекснинг 45-моддаси қўлланиб, 2 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилингани ҳолда, 59 ва 61-моддаларга биноан, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

“Номимни оқлаб олиш, айбим йўқлигини исботлаш мақсадида 10 йил идорама-идора қатнадим. Аммо ҳеч қандай натижа бўлмаган…” дея таассуф билан ёзади у ўз мактубида.

Охирги икки йил ичида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар кўплаб айбсиз айбдорлар қаторида собиқ ҳоким учун ҳам айни муддао бўлди. Ниҳоят, унинг 10 йиллик азоб-уқубати якун топди, у оқланди.

Булар хусусида қатор газета ва сайтларда берилган материаллар орқали кўпчилик яхши хабардор. Шу боис биз ушбу масаланинг бошқа бир жиҳатига эътибор қаратмоқчимиз. Яъни ҳокимни — Президентнинг Чироқчидаги вакилини ким айблаган эди ва нима учун?

Нурулла ака билан суҳбатлашганимизда ушбу келишмовчилик нолойиқ кадрни масъул лавозимга қўйишни талаб қилишганидан кейин бошлаганини айтди. У ҳоким сифатида бунга қатъий норози эканлигини билдиради. Бироқ ўртага тушган ўша пайтдаги Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлиги хизмати)нинг ҳудудий вакили ҳам бўш келмайди. Кейин йўриғига юрмагани учун ҳокимга тузоқ қўйишни бошлаб юборади. Лекин адолат билан айтганда, тузоқни эплаб қўёлмайди. Гап шундаки, ҳокимни айблаш учун ўйлаб топилган “давлат мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилган”лиги далили бўлмиш суммалар арзимас бўлиб, бундай ишни ҳоким-ку ҳоким, кичкинагина корхона раҳбарининг ҳам ўзига эп кўришига ишонгингиз келмайди.

Мисол учун:

“…ҳоким ўз ҳайдовчиси Б. Эшқобилов номидаги 2005 йил 29 декабрдан 2006 йил 15 ноябргача бўлган рақамсиз ғазна чиқим ордерларини унинг номига расмийлаштириб, 2 миллион 999 сўмлик ўзганинг пул маблағларини ўзлаштирган…”

Қойил-э, ҳокимнинг куни ўз ҳайдовчисига қолса-я…

Бу мисол унисидан ошиб тушади:

“…Р. Бердиёрованинг 2006 йил июль ойи иш ҳақи ведомостидан 61441 сўмни, август ойи иш ҳақи ведомостидан 64210 сўмни… олиш ҳақидаги имзоларни сохталаштириб, туман ҳокимлиги ходимларининг манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлган”.

Айбловда яна қатор мисоллар борки, уларнинг суммаси турлича бўлиши мумкин, аммо улар ҳар қандай кишида шубҳа туғдириши билан икки томчи сувдек таассурот қолдиради.

Иш билан танишиб бўлгач, халқимизнинг “Ўт балосидан, сув балосидан, туҳмат балосидан ўзи асрасин!” деган машҳур мақоли беихтиёр ёдимизга тушди.

Шу ўринда жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти суди апелляция судлов ҳайъатининг 2017 йил 23 ноябрдаги ажрими айрим бандларидан кўчирма келтирамиз:

“Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судининг 2008 йил 28 февралдаги ҳукмининг Қаюмов Нурулла Чаршанбиевичга оид қисми бекор қилинсин…
…Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 83-моддасининг 1 ва 2-бандларига асосан, реабилитация қилиш йўли билан оқлансин…”

Узоқ йиллик азиятлар сўнгида собиқ ҳоким оқланди. Бундан унинг ўзи, ёру биродарлари-ю оила аъзоларининг ҳам қувончлари чексиз эканлиги, шубҳасиз. Аммо улар шу йиллар давомида қанча қийинчиликларга учрамади, дейсиз. Маънавий йўқотишлар ва саломатлиги билан боғлиқ муаммолар-чи? Энди буларнинг ўрини нима билан, қандай тўлдирса бўлади, бунинг иложи борми, ўзи…

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Изоҳ билдириш