51009

Миллионларни ўзлаштирган банк бошқарувчисига жазо тайинланди

Ўзбекистон Бугун 13:26 1

Азизбек Турғунов акциядорлик тижорат «Агробанк»нинг Мингбулоқ филиали бошқарувчиси вазифасида ишларди. Демак, шунга яраша масъулиятни ҳис қилиб, вазифасига виждонан ёндашганида эди, ҳаммаси ўзгача, яъни ҳурмат-эътиборга сазовор бўларди. Аммо банк бошқарувчисини амал курсиси ўзгартирди-қўйди. Яъни билдирилган ишончни тараллабедод қилиш учун берилган имкон тарзида қабул қилиб, талон-торожликка берилиб кетди.

«Мингбулоқ агро ҳосил» МЧЖга қариндоши фуқаро Б.Ориповни раҳбар этиб тайинлаб, «Баҳриддин Рус­тамов» МЧЖнинг ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда, ушбу жамиятларга бир вақтнинг ўзида норасмий раҳбарлик қила бошлади. У эгри йўллар билан ўз мавқеидан фойдаланган ҳолда «Агробанк»нинг Минг­булоқ филиалидан 2017 йилда кредит шартномасига асосан «Баҳриддин Рустамов» МЧЖга 149 миллион сўм кредит маблағини йўналтиришга эришади. Яъни икки МЧЖ ўртасида сохта шартнома тузиб, ҳа­қиқатдан мавжуд бўлмаган ва олинмаган иссиқхона жиҳозлари ҳамда парранда қафаслари учун ҳисоб-варақ фактура тўлдиради. Шу тарзда 149 миллион сўмни «Мингбулоқ агро ҳосил» МЧЖнинг ҳисоб рақамига тушириб беради. Шундан сўнг у мазкур имтиёзли кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилади.

Азизбек Турғунов ЖКнинг қатор моддалари ва бандлари билан айбли, деб топилди ва унга тегишли жазо тайинланди.

Манба: “Ҳуқуқ” газетаси

Изоҳ билдириш