44067

Беҳзод Холйигитов​ “Мард ўғлон” Давлат мукофоти билан тақдирланди

Ўзбекистон 6 июль 14:30 573

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 июнда қабул қилинган “Мард ўғлон” Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм мутахассиси Беҳзод Холйигитов ушбу нуфузли мукофотга сазовор бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти 2017 йил 5 июлда “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонни, шунингдек, 2017 йил 21 ноябрда “Мард ўғлон” давлат мукофотини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.

“Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланганларга “Ёшлар куни” арафасида ўтказиладиган тантаналарда совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилди.

“Камтарона хизматларим учун давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланганимдан хурсандман. Мен болаликдан ҳарбий бўлишни орзу қилдим. Ватанимнинг манфаатларини ҳар қаерда, ҳар қандай шароитда бор кучим билан ҳимоя қиламан. Тақдирлаш маросимида Жиззах вилояти ҳокими “Мард ўғлон” давлат мукофоти, диплом ва Президентимизнинг совғаси – қимматбаҳо қўл соатини, ота-онамга эса “Ташаккурнома” тақдим этди. Оиламиз хурсандчилигини сўз билан ифодалай олмайман. Ушбу мукофот яна бир – Қуролли Кучлар академиясига таҳсил олиш орзумнинг ушалишига замин яратди.

Бизни Халқаро армия ўйинларига тайёрлаган подполковниклар Бахтиёр Қосимов ва Вячеслав Лакота, майорлар Исроил Юсупов ва Анзор Мелиев, капитан Муҳаммадсоли Дўстқулов каби фидойи устозларга раҳмат айтаман. Уларнинг меҳнати туфайли 2017 йилда муваффациятларга эришдик. Ҳозирда шу йилнинг июль – август ойларида Россия Федерациясида бўлиб ўтадиган IV Халқаро армия ўйинларининг “Қўшин разведкачилари аълочилари” йўналишига жамоа таркибида тайёргарлик кўряпмиз. Мақсадимиз келгусида фақат ва фақат олий ўринни қўлга киритиб, миллий армиямиз шаънини кўкларга кўтариш”, — дейди Беҳзод Холйигитов.

«Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари бўлган умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичига, олий ўқув юртлари талабалари ёки бакалавр даражасига эга ёшлар эса магистратура боскичига тегишли йўналиш бўйича кириш имтиҳонларисиз давлат грантлари асосида кабул килинадилар. Мукофотга талабгорлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат мукофотлари ва гералдика бўйича Комиссия томонидан кўриб чиқилади. Унинг натижаларига кўра Комиссия томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритилади. Давлат мукофоти билан тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан амалга оширилади ва унга энг кам ойлик иш хакининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти белгиланади.

Изоҳ билдириш