18515

Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевни АҚШга ташрифи билан қутлади

Ўзбекистон 23 сентябрь 11:52 407

Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевни АҚШга ташрифи билан қутлади, деб хабар беради UZ24

Мазкур табрик мактуби давлатимиз раҳбари шарафига шу йил 21 сентябрь куни ташкил этилган Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида ўтказилган қабул маросимида ўқиб эшиттирилди.

Қутлов изчил ривожланиб бораётган Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолатини ифода этиб, икки давлат Президентларининг мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида якдиллигини тасдиқлади.

Қуйида ушбу табрик матни эълон қилинмоқда:

Оқ уй,

Вашингтон шаҳри,

2017 йил 20 сентябрь

Мелания ва мен Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ҳамда Америка-Ўзбекистон савдо палатаси томонидан ташкил этилган қабул маросимининг барча қатнашчиларини табриклаймиз.

Америка халқи номидан Президент Шавкат Мирзиёевни Америка Қўшма Штатларига ташрифи билан чин дилдан қутлаймиз. Ўзбекистон 1992 йилдан буён хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё минтақасини тараққий эттириш бўйича умумий саъй-ҳаракатларимизда муҳим шерикка айланди.

Америка Қўшма Штатлари иқтисодиётга сармоя киритиш орқали ҳамда маданий алоқалар ва турли даражадаги ҳамкорлик асосида давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаб келаётган ўзбекистонлик шерикларимиз фаолиятини қадрлайди. Қўшма Штатлар ўзаро дўстлик ришталарини ривожлантириш ва келгуси авлодлар учун имкониятларни кенгайтириш йўлида олиб борилаётган ишларни давом эттиради.

Қабул маросими барча қатнашчилар учун сермазмун ўтишини тилайман.

Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп

Изоҳ билдириш