32290

Бухорода бир гуруҳ қашқадарёлик “оғуфурушлар” қўлга олинди

Ўзбекистон 20 февраль 9:34 959

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ҳудудида гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш борасида олиб борилган тезкор-тадбирлар давомида, Қашқадарё вилояти, Косон туманида яшовчи “Фарҳод” исмли шахс Бухоро вилоятининг турли ҳудудларида кўп миқдорда “Марихуанна”, халқ тили билан айтганда, “наша” гиёҳвандлик воситасини сотиб юрганлиги тўғрисида тезкор маълумотлар олинади.

Олинган маълумотлар асосида тезкор ходимлар томонидан ўтказилган навбатдаги тадбирлар жараёнида гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний олди-соттиси билан шуғулланиб юрган ушбу фуқаро Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Пўлати қишлоғида яшовчи, 1986 йилда туғилган Усманов Фарҳод Равшанович эканлиги аниқланиб, у ўзига олдиндан таниш бўлган Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Месит маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1980 йилда туғилган Юлдошев Холмурод Суюнович билан ўзаро жиноий тил бириктириб, гугурт қутисига қадоқланган “наша”ни ходимлар томонидан назорат тариқасида юборилган шахс билан ҳар бир қутисини 250 минг сўмдан сотишга келишиб, 7,25 грамм “Марихуанна” гиёҳвандлик воситасини Когон тумани ҳудудидаги “Кнауф” қўшма корхонаси олдида ўтказаётган вақтида тезкор-ходимлар томонидан жиноят устида қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки тезкор-суриштирув ҳаракатлари давомида аниқланишича, иккала “гиёҳфуруш” лар ушбу “Марихуанна” гиёҳвандлик воситасини Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Аралиқ кўчасида яшовчи, 1991 йилда туғилган Темиров Шерали Шодмон ўғли орқали Косон тумани, Регзор маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1986 йилда туғилган Сайидов Ўткир Бахронқуловичдан 200 минг сўм эвазига сотиб олганликлари аниқланди.

Ўткир Саидов эса, ушбу гиёҳвандлик воситасини “Ўғилжан” исмли аёлдан олганлигини таъкидлаб, унинг кўрсатмаси асосида Қашқадарё вилояти, Косон тумани, Нарўз маҳалласида яшовчи, 1972 йилда туғилган Сафарова Ўғилжан Хотамовнанинг яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ушбу аёл ўзининг яшаш уйи меҳмонхонасида 3,85 грамм миқдоридаги “марихуанна” гиёҳвандлик воситасини келгусида ўтказиш учун сақлаб келганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов Бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси, 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “оғуфуруш” шахсларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Изоҳ билдириш