47761

Бош вазир Бухородаги фожиага доир муҳим фармойиш имзолади

Ўзбекистон 19 сентябрь 9:06 1 628

2018 йил 18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бухоро вилоятининг Когон туманида “Ғузор-Бухоро-Нукус” А-380  автомобиль йўлининг 201 километрида “Исузу” йўловчи автобусида ўрнатилган газ баллони портлаган.

Бунинг оқибатида 5 киши ҳалок бўлган, 21 киши жароҳатланган. Барча йўловчилар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ ва ҳодисанинг рўй бериш сабабларини ўрганиш, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, уларнинг юзага келишига сабаб бўлган омилларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Бухоро вилоятининг Когон туманида содир бўлган ҳодисанинг сабабларини ўрганиш ва жарбланганлар ҳамда ҳалок бўлганлар оилаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича иловага мувофиқ таркибда Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда Ҳукумат комиссияси деб аталади) ташкил этилсин.

2. Ҳукумат комиссияси 2018 йил 18 сентябрда Бухоро вилоятининг Когон туманига Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳаво кемасида юборилсин.

3. Ҳукумат комиссияси (Н.С.Отажонов):

жароҳатланганлар ва ҳалок бўлганлар оилаларига зарур тиббий ҳамда психологик ёрдам кўрсатилишини;

фавқулодда вазиятнинг юзага келишига сабаб бўлган омилларни ўрганиш ва бартараф этишга чора-тадбирлари ишлаб чиқилишини;

ҳалок бўлганларни таниш ва уларнинг шахси аниқланишига қараб, Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва қариндошларига уларни дафн этиш ҳамда мотам тадбирларини ўтказишга кўмаклашишни таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳалок бўлган фуқаролар яшаган жойларга мувофиқ махсус юк машиналарини йўл-патрул хизматининг патрул автомашиналари улар яшаган жойларга кузатиб боришини ташкил қилсин.

5. Бухоро вилояти ҳокимлиги “Маҳалла” жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда:

жабрланганлар ва ҳалок бўлган фуқаролар оилаларига моддий ёрдам кўрсатсин;

ҳалок бўлганларнинг жасади уларнинг оилалари яшайдиган жойга етказилиши ва дафн этилиши билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда Ҳукумат комиссияси сарфлаган харажатларни қоплаш юзасидан таклифлар киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбоосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж.Раматов икки ой муддатда:

а) газ баллони ўрнатилган автотранспорт воситалари, шунингдек, уларга хизмат кўрсатувчи газ қуйиш станциялари;

табиий газда ишлайдиган қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналарнинг техник ҳолатини пухта ҳамда ҳар томонлама хатловдан ўтказсин;

б) хатловдан ўтказиш натижаларига кўра, ёқилғи сифатида табиий газдан фойдаланиладиган автотранспорт воситалари, газ қуйиш станциялари, қозонхоналар, печлар ва бошқа ускуналардан фойдаланиш билан боғлиқ авариянинг олдини олиш бўйича “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

8. Ушбу фармойишнинг бажарилишини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.

 

Ўзбекистон Республикасининг

            Бош вазири                                                              А.Арипов

Изоҳ билдириш