15772

Англияда Мирзиёевнинг нутқи нашр қилинди

Ўзбекистон 21 август 16:15 414

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусига бағишланган анжуманда (Тошкент, 2017 йил 15 июнь) сўзлаган нутқида тилга олинган ғоя ва фикр-мулоҳазалар хорижий мамлакатларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан давлатимиз раҳбарининг мазкур нутқи хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий-академик ва эксперт-таҳлил доиралари ўртасида араб ва инглиз тилларида кенг тарқатилгани бунга кўп жиҳатдан кўмаклашди.

Ўтган давр мобайнида Ж.Вашингтон номидаги университет (АҚШ), Кембриж университети (Буюк Британия), Тюбинген, Оснабрюк, Мюнстер, Франкфуртдаги Гёте университетлари ҳузуридаги ислом диншунослиги тадқиқотлари марказлари ва институтларида (Германия), Жамия Миллия Исламия университети (Ҳиндистон), Кувайт университети, Малайзия Ислом илмий университети ҳамда Исломободда жойлашган Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг Илм-фан ва технологиялар бўйича доимий қўмитасида 200 нафардан зиёд эксперт ва мутахассислар иштирокида ушбу мавзуга доир 20 та брифинг ва семинарлар бўлиб ўтди.

Таҳлил ва тадқиқот доиралари вакилларидан иборат бўлган мазкур тадбирларнинг иштирокчилари Ўзбекистонда ислом дини софлигини сақлаш, миллий қадриятларни қайта тиклаш, буюк аждодлар хотирасини ҳурмат қилиш ва улар қолдирган бебаҳо меросни авайлаб-асраш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишдилар. Хорижлик мутахассислар ўз маърузаларида мамлакатимизда миллатлараро ва динлараро тинчлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сураётганини алоҳида қайд этишлари баробарида бу ҳозирги осойишта бўлмаган замонамиз учун катта муваффақият эканлигини, Ўзбекистон тажрибаси муносиб даражада ўрганишга ва бошқалар томонидан ҳам қўлланишга лойиқ эканлигини бир неча бор таъкидладилар.

Бундан ташқари, Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми томонидан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент анжуманидаги мазкур нутқи махсус рисола шаклида ҳам чоп этилди, дея хабар берди «Жаҳон» АА. Унга Марказий Осиё бўйича Кембриж форумининг раиси, профессор Сидхарт Саксена сўзбоши ёзган. Олимнинг қайд этишича, мазкур рисола Марказий Осиёга ихтисослашган тадқиқотчилар, инсоният олдида турган замонавий ижтимоий ва диний хавф-хатарлар ҳал этилиши йўлларини тадқиқ этиш билан шуғулланаётган мутахассислар учун бебаҳо манба бўлиб хизмат қилади.

С.Саксенанинг ёзишича, “худди тарихий ўтмишда бўлгани сингари ҳозирги пайтда ҳам Ўзбекистонда турли этник қатламлар ўртасида уйғунлик ва ҳамжиҳатлик анъаналарининг мавжудлиги мамлакатга ижтимоий барқарорликка ҳамда давлат қурилишига ноёб, инновацияга асосланган ёндашувлар қўлланилишини янада ривожлантириш имконини бермоқда”.

Изоҳ билдириш