23728

Абдусалом Азизов ва Қаҳрамон Қуранбоев англашув меморандумига имзо чекдилар

Ўзбекистон 15 ноябрь 14:20 719

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Имзоланган меморандум Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисм ва муассасаларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич тузилмаларини тузиш ва фаолиятини йўлга қўйиш, ёш ҳарбий хизматчилар учун муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ташаббусларини рағбатлантириш, ёш ҳарбий хизматчиларнинг, шу жумладан, чақирувга қадар ёшларнинг турли мафкуравий таҳдидларга, “оммавий маданият” ва бошқа ёт ғояларга қарши мустаҳкам имминутетини шакллантириш, мамлакат истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ёшлар сафини кенгайтириш каби улуғвор мақсадларга хизмат қилади. Шунингдек, ҳудудларда “Жасорат” клублари фаолиятини шакллантириш, “Ёшлар поезди” тарғибот акциясида ҳарбий хизматчиларнинг ҳам фаол иштирокини таъминлаш, армия мактабини ўтаган ёшлар билан мунтазам алоқани йўлга қўйиш, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган ўғлонларни ишга жойлаштириш, бандлигини таъминлаш каби кенг кўламли ишлар кўзда тутилган.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал майор Абдусалом Азизов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев сўзга чиқди. Юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшларни турли диний экстремистик оқимлар таъсиридан сақлаш масаласи барчамиз учун энг асосий вазифа ҳисобланиши, шу маънода мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек асраш, ёш авлод ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини кучайтиришда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мустаҳкам ўрин эгаллаётгани таъкидланди.

Тадбир давомида иштирокчиларга меморандумнинг мазмун-моҳияти етказилди, барча саволларга атрофлича жавоблар берилди.

Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамблининг концерт дастури намойиш қилинди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Изоҳ билдириш