39485

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи: туристик саёҳатлар бўйича имтиёзлар мавжудми?

Иқтисод 21 май 9:43 456

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ, ички туризмни ривожлантириш мақсадида бир қатор имтиёзлар назарда тутилган. Айтингчи, ходимларнинг саёҳати билан боғлиқ даромадларга солинадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қандай қўллаш мумкин?

Айтайлик, агар ходим дам олиш кунида Самарқанд шаҳрига бормоқчи бўлса, бухгалтер чипта билан боғлиқ харажатларга устама харажатларни қўшиши, ходим эса саёҳатдан қайтганидан сўнг чеклар ва ваучерлар орқали ҳисобот бериши керакми? Ёки ходим Самарқандга ўз ҳисобидан бориб келиб, ушбу ҳолат юзасидан тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этса, жорий ёки кейинги ойда унинг саёҳат учун сарфлаган маблағидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушлаб қолинмайдими?

Ушбу ҳолат бухгалтерия ёзувларида қандай тартибда акс эттирилади? 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3514-сонли қарори 8-бандига мувофиқ, 2018 йилнинг 10 февралидан бошлаб 3 йил муддатга қуйидаги тартиб жорий этилди, унга кўра:

• иш берувчининг туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субектлардан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республика бўйлаб туристик йўлланмаларни сотиб олиш харажатлари ходимнинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди ҳамда юридик шахсдан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқишда чегириб қолиниши лозим;

• жисмоний шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадлари Ўзбекистон Республикаси бўйлаб туристик йўлланмаларни туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субектлардан сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммасига камайтирилади.

Бунда туристик йўлланма (айирбошланадиган ваучер), авиа ва темир йўл чипталари, автотранспорт ташкилотларининг ҳисоб-фактуралари (чипталари) ва жойлаштириш воситалари чеклари тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, республика ҳудудида туристик саёҳатни амалга оширишнинг иккита варианти мавжуд.

Биринчи ҳолатда корхона томонидан ходим ва унинг оила аъзоларининг туристик саёҳати билан боғлиқ харажатлар тўлаб берилади. Бунда ушбу харажатлар иш берувчининг харажатлари бўлиб, фойда солиғи тўловчилари учун чегириладиган харажатлар ҳисобланади.

Ушбу суммага жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг суғурта бадаллари солинмайди. Бухгалтерия ҳисобида ушбу сумма 6710 бухгалтерия счётида эмас, балки харажатлар (9400) счётида акс эттирилади.

Иккинчи вариантда ходим ўзининг ва оила аъзоларининг туристик саёҳати билан боғлиқ харажатларини ўзи тўлайди.

Мазкур ҳолатда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёз корхонада ходим тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этганидан сўнг қўлланилади.

Юқоридаги қарорда мазкур ҳолат учун фуқароларнинг суғурта бадаллари ва ягона ижтимоий тўлов бўйича имтиёз назарда тутилмаган.

Масалан, ходим март ойида Самарқанд шаҳрига оилавий (ходим, унинг хотини ва икки нафар фарзанди) бориш учун йўлланма харид қилиб, апрел ойида тасдиқловчи ҳужжатларни (йўлланма, темир йўл чипталари) тақдим этди. Жами харажатлар 1,1 миллион сўмга тенг бўлди. Ходимнинг апрел ойидаги иш ҳақи 1 миллион 500 минг сўмни ташкил этди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ солинадиган база 400 минг сўмга тенг. Солиқ ушбу суммадан умумий тартибда, шкала бўйича ҳисобланади, шу жумладан, нол даражали ставка ҳам қўлланилади. Бунда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзга эга иш ҳақи суммасига (1,1 миллион сўм) фуқароларнинг суғурта бадаллари солиниши ҳамда ундан корхона ягона ижтимоий тўловни тўлаши лозим.

Бухгалтерия ёзувларида имтиёз суммаси акс эттирилмайди. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботида эса ушбу сумма имтиёз сифатида акс эттирилади.

Бундай ҳолатда қуйидаги савол юзага келиши табиий: агар корхонада тегишли имтиёз қўлланилмаган бўлса, яшаш жойи бўйича давлат солиқ инспекцияси ушбу имтиёзни қўллаши мумкинми?

Йўқ, бундай вариант Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилмаган. Шунингдек, Солиқ кодексининг 185-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг тўғри ушлаб қолиниши ва ўз вақтида бюджетга ўтказилиши учун жавобгарлик даромад тўлаётган солиқ агентининг зиммасида бўлади.

Таъкидлаш керакки, тегишли имтиёзларни қўллашга диққат билан қараш керак. Хусусан, Республика Президентининг «Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида қуйидагилар қайд этилган:

• «туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субектлардан туристик йўлланмаларни сотиб олиш». Яъни, белгиланган имтиёзларни ҳар қандай саёҳат бўйича эмас, балки фақат лицензияга эга бўлган субектларнинг туристик йўлланмаси (айирбошланадиган ваучери) бўлгандагина қўллаш мумкин;

• «республика бўйлаб», яъни, хорижга туристик саёҳатлар белгиланган имтиёзларга эга эмас;

• «туристик йўлланмаларни сотиб олиш», яъни, даволанишга ёки болалар соғломлаштириш оромгоҳига олинган йўлланмаларга юқоридаги қарорда назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди. Ушбу мақсадларга Солиқ кодексининг 179-моддаси 2- ва 3-бандларида белгиланган имтиёзлар назарда тутилган.

Шуни ҳам эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги қарори 6-бандига мувофиқ, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига:

• жамоавий шартномаларга рағбатлантириш чораси сифатида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ўз ходимларининг камида 10 фоизини оила аъзолари билан биргаликда ҳар йили дам олишга (ички туризмга) юборишни назарда тутадиган ходимларнинг жамоавий ва оилавий дам олишини ташкил қилиш нормасини киритиш;

• ходимларга меҳнат қонунчилигига мувофиқ, улар учун қулай бўлган вақтда саёҳат қилиш ва дам олиш учун таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми ҳисобидан дам олиш кунлари (отгул) бериш;

• Дастур тадбирларини амалга ошириш доирасида ҳар йили 30 декабргача давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимлари учун туристик-саёҳат турларини ташкил қилиш жадвалларини тасдиқлаш тавсия этилган.

Изоҳ билдириш