39826

Ўтган ҳафтада 1754 нафар шахсга нисбатан 385,9 миллион сўм жарима қўлланилди

Иқтисод 23 май 17:38 519

Ўзбекистон республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва ҳудудий солиқ хизмати органларида фаолият кўрсатаётган «ишонч телефон»лари ҳамда электрон хизматлар орқали фуқаролар, барча тоифадаги солиқ тўловчилар ва тадбиркорлик субектларидан бўлаётган мурожаатлар, хат ва аризалар ўз вақтида қабул қилиниб, изчил ўрганиб, таҳлил этиб борилмоқда.

Хусусан, ўтган ҳафта давомида «ишонч телефон»лари орқали 145 та, шундан 6 та юридик ва 139 та жисмоний шахсларнинг мурожаатлари қабул қилинди. Ушбу мурожаатларнинг барчаси рўйхатга олиниб, белгиланган тартибда ижрога қаратилган.

Фуқаролар ва жамоатчиликнинг мурожаатлари юзасидан Давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилган солиқ назорати тадбирлари натижаларига кўра, ўтган ҳафта давомида 2436 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган.

Ўтказилган профилактик ва тушунтириш ишлари натижасида тўғри хулоса чиқариб, ҳуқуқбузарлик оқибатларини бартараф этган ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санксиялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қоплаган 682 нафар тадбиркорлик субектининг мансабдор шахслари ва якка тартибдаги тадбиркорлар маъмурий жавобгарликдан озод этилди.

Амалдаги қонунчилик талабларини қўпол равишда бузиб, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этган 1754 нафар шахсга нисбатан 385,9 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилди.

Шу жумладан:
– савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузган 12 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддасига асосан 2,1 миллион сўм, шундан:
а) харидорга товарлар, маҳсулотларни (хизматларни) чек (квитанция, счет) бермасдан сотиш (хизмат кўрсатиш) ҳолатлари бўйича 9 нафар шахсга нисбатан 1,6 миллион сўм;
б) назорат-касса машиналарини қўллаш тартибига риоя этмаслик ҳолатлари бўйича 1 нафар шахсга нисбатан 0,2 миллион сўм;
в) тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартибига риоя этмаслик ҳолатлари бўйича 1 нафар шахсга нисбатан 0,2 миллион сўм;
г) нархларни асоссиз равишда ошириш ҳолатлари бўйича 1 нафар шахсга нисбатан 0,2 миллион сўм маъмурий жарималар;
– бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни нотариал тасдиқланган шартномасиз ижарага ёки текин фойдаланишга берган 214 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1591-моддасига асосан 184,3 миллион сўм;
– уй-жойга доир мулк ҳуқуқини кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органларда ўз вақтида расмийлаштирмаган 332 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 160-моддаси 2-қисмига асосан 57,1 миллион сўм;
– даромадлар тўғрисида декларацияни солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган 215 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 174-моддаси 3-қисмига асосан 37 миллион сўм;
– ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган 304 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-моддаси 1-қисмига асосан 52,4 миллион сўм;
– автомобил транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланган 1 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1763-моддасига асосан 0,9 миллион сўм;
– солиқ ҳисоботини солиқ органига ўз вақтида тақдим этмаган корхоналарнинг 408 нафар мансабдор шахсларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси 1-қисмига асосан 70,2 миллион сўм;
– дебиторлик қарзи муддатлари ўтказиб юборилган корхоналарнинг 20 нафар мансабдор шахсларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси 3-қисмига асосан 34,4 миллион сўм;
– солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатаётган банкка ўз вақтида тақдим этмаган корхоналарнинг 248 нафар мансабдор шахсларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-моддаси 6-қисмига асосан 128,1 миллион сўм маъмурий жарималар қўлланилди.

Изоҳ билдириш