19940

Денис Мантуров: Ўзбекистон пахта экспортини бутунлай тўхтатиши мумкин

Иқтисод 5 октябрь 12:06 1 830

Россия Саноат ва савдо вазири Денис Мантуров Ўзбекистон бир неча йил ичида пахта хом ашёси экспортини бутунлай тўхтатиб тайёр ва ярим тайёр маҳсулот эспортига ўтиши мумкинлигини айтди, Sputnik мухбирига асосан.

“Ўзбекистондан пахта сотиб олиш ҳажми камайиб бораётгани сабаби – биз у редан ярим тайёр маҳсулот сотиб ола бошладик. Хусусан, йигирилган ип сотиб олиш ҳажми охирги йилда икки баравар ошди”, — деди Денис Мантуров.

«Бугунги кунда Ўзбекистонда пахтани қайта ишлаш қуввати етарли даражада ташкил қилинган. Шу сабабдан, менинг  фикримча, Ўзбекистон яқин орада пахта экспортини умуман бекор қилиб уни мамлакат ҳудудида қайта ишлашни йўлга қўяди», — деб сўзини давом эттирди вазир.

“Биз эса Ўзбекистондан ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар сотиб олишда давом этамиз. Хусусан, шу кунларда Ўзбекистонда  ихтисослашган ҳарбий кийим тикиш корхонаси ташкил қилиш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз”, — деди Россия Саноат ва савдо вазири.

Шу кунларда Тошкентда  Россия – Ўзбекистон бизнес форуми бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этиш учун Денис Мантуров бошчилигидаги Россия делегацияси ва бир неча компания вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюришган эди.

Изоҳ билдириш