42288

Божхонада “реэкспорт операцияси” ортидаги муғомбирлик фош этилди

Иқтисод 19 июнь 12:17 604

Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида республикамизга 17 минг 625 кг. ўсимлик ёғларининг ноқонуний олиб кирилиши олди олинди.

Аслида айни шу товарлар аввал ҳам республикамизга “меҳмон” бўлган эди. Қандай қилиб дейсизми?

Яқинда Туркия давлатидан Андижонда фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор Х.Х. номига 22,2 минг кг. оғирликдаги салкам 24,5 минг литр ўсимлик ёғи келтирилади.

Божхона ходимлари мазкур товарларнинг божхона тўловлари 92 млн. сўмни ташкил этиши маълум қилингач, Х.Х. гўёки божхона тўловларини тўлаш имконияти йўқлигини баҳона қилиб, ушбу ўсимлик ёғини республикамиздан реэкспорт қилиш, яъни соддароқ қилиб айтганда қайта олиб чиқиб кетишга қарор қилади. Шу тариқа, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилгач ўсимлик ёғи вилоятдаги “Дўстлик” чегара-божхона пости орқали қўшни давлатга олиб чиқиб кетилади.

Аммо, шу билан гўёки барчаси тугагандек. Аслида-чи? Яқинда Олтинкўл туманида фуқаро К.Ғ. бошқарувидаги юк машинаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда тўхтатилиб текширилганда, унда фуқаро Р.Д.га тегишли 18 литрлик 540 дона идишларга қадоқланган 9720 литр ўсимлик ёғи олиб кетилаётганлиги аниқланади. Аммо, уларнинг сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқ эди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу юк машинасига товарлар ортилган манзил суриштирилганида, бу Андижон туманида жойлашган цемент омборларидан бири бўлиб чиқди. Қаранг-ки, омбордаги целофан пакетлар остига ҳам айни шу ёғдан яна 536 та идишда 9648 литр “ғамлаб” яшириб қўйилган экан.

Маълум бўлишича, ушбу ўсимлик ёғлари аслида якка тартибдаги тадбиркор Х.Х. томонидан республикамиздан олиб чиқиб кетилган ёғларнинг ўзгинаси экан. Бу гал божхона тўловларидан бўйин товлаш учун фуқаролар Х.Х ишончли ҳамкори Р.Д. билан келишган ҳолда “Дўстлик” чегара-божхона пости орқали ўтиб-қайтувчи фуқароларни ташмачиликка ёллаб, ушбу ёғни майда-майда туркумларда олиб киришган экан.

Тезкор тадбир натижасида, қиймати салкам 193 млн. сўмлик 17 минг 625 кг. ўсимлик ёғининг ноқонуний равишда олиб кирилиши олди олинди. Ҳозирда тадбиркорнинг божхона омборларида Туркиядан келтирилган бошқа партиядаги 20 минг 720 кг.даги ўсимлик ёғи вақтинча сақловда турибди. Хўш, тадбиркор ушбу ёғга тегишли божхона тўловларини тўлайдими ёки яна “реэкспорт” найрангини қўллашга уринадими? Буни энди вақт кўрсатади.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Ҳусан Тангриев

Изоҳ билдириш