33991

Отлиқ отряд учун қандай отлар сотиб олиниши маълум бўлди

Ўзбекистон 13 март 13:29 422

Тошкентда ташкил этилаётган отряд отлиқ бўлинмаси учун қандай отлар мос келиши маълум бўлди. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев 10 март куни бўлиб ўтган очиқ мулоқотда шу ҳақида маълум қилди.

Тошкент ИИББ бошлиғи, генерал-майор Рустам Жўраевнинг фикрига кўра ушбу вазифани бажариш учун Россияда етиштирилган “Будёновец” зотли отлари мос келар экан, маҳаллий “Қорабайир” ёки “Ахалтека” зотли отлари ушбу вазифани бажариш учун тўғри келмас экан.

“Айни дамда биз ички ишларда қандай зотли отлар ишлашини аниқлаб олдик – бу “Будённый” зотли отлари бўлади. Нимага айнан ушбу отлар? Чунки ушбу зотли отлар бошидан хизмат отлари бўлиш учун яратилган. “Буденовец” ўзига кўп эътибор талаб қилмайди, чидамли. Бошқа отлардан энг асосийси фарқи – у асфальт устида юра олади”, — деди Жўраев.

Ички ишлар раҳбари айтишига қараганда, айни дамда Россия билан ушбу зотли отлардан 50 тасини сотиб олиш ҳақида музокаралар олиб борилмоқда. Бир вақтнинг ўзида отлиқ отрядни Тошкентнинг қайси жойида жойлаштириш масаласи ҳам  ўрганилмоқда.

Отлиқ отряднинг ишга тушиш санаси ҳозирча аниқ бўлмасда, Жўраев йил охиригача ушбу бўлинма иш бошлашига ишонч билдирди.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир йил олдин Тошкент ИИББда отлиқ отряд ташкил этилиши ҳақида маълум қилган эдик. Шавкат Мирзиёевнинг “Ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилган эди.

Хужжатга кўра, отлиқ отряд ИИББ пост-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш Бошқармаси пост-патруль хизмати Бригадаси тузилмасида ташкил этиш мўлжалланган.

Ҳужжатда айтилишича, Тошкент ИИББ янги отряд учун 50 бош хизмат оти харид қилиш белгиланган эди.

Отлиқ отряд очиқ майдонда ўтказилувчи оммавий тадбирлар вақтида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади.

Шунингдек, янги отряд вазифасига Тошкент марказий кўчалари, дам олиш ҳудудлари ва аҳоли гавжум бўладиган бошқа жойларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳам киради.

Изоҳ билдириш