9900

«Ўзбекистон 24» телерадиоканалининг молиявий манбалари ва хорижий давлатда иш юритувчи мухбирлари ҳақида маълумот берилди

Жамият 15 июнь 10:34 423

Жорий йилнинг 14 июнь куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йилнинг 2 майда қабул қилинган «Ўзбекистон 24» ахборот таҳлилий телерадиоканали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарорининг ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Сессияда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Алихонов, «Ўзбекистон24» телерадиоканали раҳбарияти — директор Озод Ҳамидхўжаев, директорнинг биринчи ўринбосари Раҳим Маҳкамов, директор ўринбосари Соҳибжон Алижонов қатнашиб, қарорда белгиланган вазифалар ва уларнинг ижросига оид тадбирлар юзасидан маълумотлар беришди.

Янги телерадиоканал 251 нафар штат бирлигига эга бўлиб, «Ўзбекистон 24» SD ва HD форматларида рақамли эфир ижтимоий пакетига киритилади. Унинг HD форматидаги трансляцияси мамлакатда ушбу форматга тўлиқ ўтилгунига қадар параллел равишда UzHD каналида ҳам амалга оширилади.

Шунингдек, телерадиоканалнинг 9 та хорижий давлатда мухбирлари иш юритиши маълум қилинди. Ўзбекистон тарихида биринчи марта 24 соат давомида ахборот узатадиган янги форматдаги «Ўзбекистон 24» телерадиоканалининг ишга тушиши санаси ҳозирча аниқ эмаслиги таъкидланди.

Бобир Алихоновнинг таъкидлашича, янги телерадиоканал ЎзМТРКнинг ўз молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилмоқда. Унинг ходимларига тўланадиган маошлар, қалам ҳақи ва бошқа барча молиявий чиқимлар давлат бюджетидан эмас, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси маблағлари томонидан қопланади.

Изоҳ билдириш