7831

Австралия Афғонистонга қўшимча ҳарбий хизматчилар юборишга қарор қилди

мир 29 май 10:59 240

Австралия ҳукумати Афғонистонга қўшимча 30 нафар ҳарбий хизматчини юборишга қарор қилди. Бу ҳақида мамлакат мудофаа вазири Марис Пейн федерал парламент сенатидаги эшитувлар вақтида маълум қилган.

«Афғонистоннинг терроризмга қарши глобал курашдаги ўрнини ҳисобга олиб, Австралиянинг бу миссияни қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳиссасининг оширилиши тўғри ва ўз вақтида қабул қилинган қарордир», — дея таъкидлаб ўтди вазир. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳарбийлар Афғонистонга яқин орада жўнатилади.

Австралия мудофаа кучлари қўмондони Марк Бинскиннинг аниқлик киритишича, Афғонистонга жанговар бўлинмалар эмас, балки ҳарбий йўриқчилар жўнатилади, улар миллий қуролли кучлар аскарларини ўқитиш ва тайёрлаш билан шуғулланади.

Австралия Афғонистонга ўз ҳарбий контингентини 2001 йилда юборган бўлиб, 13 йил давомида унинг сони ўртача 1500 ҳарбий хизматчини ташкил қилган. Афғонистонда ўтган йиллар давомида 42 австралиялик ҳалок бўлди, 260 дан ортиғи яраланди. 2013 йилнинг декабрида Австралиянинг ўша пайтдаги бош вазири Тони Абботт Урузғон вилоятидаги Тарин Кот ҳарбий базаси ёпилиши ва австралиялик доимий қисмлар уйга қайтарилиши ҳақида эълон қилди. Ҳукумат ўшанда Афғонистонда йўриқчилар ва махсус топшириқли хизмат бўлинмаларини қолдиришга қарор қилган.

Айни дамда Афғонистонда 270 нафарга яқин австралиялик ҳарбий маслаҳатчи ва махсус топшириқли гуруҳ аъзолари бор.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар