6907

Трампнинг иккинчи огоҳлантириши: АҚШ Асад тарафдорларига зарба берди

мир 19 май 11:28 333

18 май куни АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари авиацияси Сурия ҳукумати кучларига ҳаво зарбалари берди.

Бу Америка ҳарбийларининг Доналд Трамп президентлиги даврида САР президенти  Башар Асад томонида жанг қилаётган қуролланган тузилмаларга берган иккинчи зарбасидир. Шу йилнинг апрел ойида АҚШ Шайрот авиабазасига ракета зарбалари берган ҳамда уни Сурия етакчисига огоҳлантириш деб атаган эди.

Сўнгги ҳодисаларга изоҳ берган Пентагон маъмурияти бу зарбаларни деярли мудофаа мақсадида амалга оширилганини иддао этмоқда. Унга кўра, гўёки Сурия кучлари ИШИДга қарши курашаётган АҚШ ҳамкорлари бўлган «ўт очишни тўхтатиш» ҳудудига яқинлашиб қолган. Шу билан бирга, маъмуриятга кўра, «ўт очишни тўхтатиш» ҳудудлари дейилганида Остонадаги музокараларда эришилган 4та ўт очишни тўхтатиш ҳудуди эмас, аксинча, Россия ва Америка ҳарбийлари ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ ташкил этилган ҳудудлар назарда тутилади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу зарба Сурия ҳукумати ва мухолифат вакилларининг Женевада давом этаётган музокаралари вақтида амалга оширилди. Қатор кузатувчиларнинг фикрича, бундай куч ишлатиш шундоғам осон кечмаётган музокаралар жараёнини янада қийинлаштиради.

«Жанговар таҳдидга жавоб»

АҚШ коалицияси штаби хабарларига қараганда, Сурия ҳукуматига ён босувчи кучларга зарбалар 18 май куни мамлакат жанубидаги Ат-Танфа ҳудудида берилган. Бунга сабаб сифатида коалиция қўмондони мазкур бўлинмалар «коалиция кучларига таҳдид солади» дея хулоса қилгани кўрсатилмоқда.

«Танклар, зирхли машиналар, артиллерия ва техник автомобиллардан келиб чиққан таҳдид сабабли зарба берилди», — дейилади баёнотда.

«Бир неча маротаба чекиниш талаб қилинганидан сўнг, коалиция самолётлари зарба беришдан аввал танк ҳамда қурилиш ускуналарини йўқ қилган огоҳлантирувчи парвозларни ва ўқ отишларни амалга оширган», — дейилади ҳужжатда.

ОАВ хабарларига кўра, сурияликлар карвонида Сурия армиянинг доимий аскарлари эмас, балки кўнгиллилар бўлган. Пентагон эса, уларни «ҳукуматпараст кучлар» деб баҳолаган, бироқ улар Сурия ҚК таркибига киргани ёки йўқлигига ойдинлик киритмаган.

АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) расмий вакили майор Жош Жейкс РИА Новости агентлиги билан суҳбатда тахмин қилишича, ҳужум қилган кучлар орасида йўқотишлар бўлган, аммо у бу маълумотларга ойдинлик кирита олмаган.

Ҳозирча, Сурия расмийлари бу масала бўйича расмий баёнот беришгани йўқ.

CENTCOM вакилига кўра, Америка томони ушбу зарбалардан аввал Россия ҳарбийлари билан боғланган ва бу ҳудудга яқинлашаётган кучлар ортга қайтишлари зарурлигини айтган.

Россия мудофаа вазирлиги ҳам ўз баёнотини беришга шошилмаяпти.

ASR.UZ нинг TELEGRAMдаги каналига қўшилинг ва сўнгги янгиликларни ўтказиб юборманг
Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар