5601

Президентнинг Яшнободга ташрифи ҳақида халқ қандай фикрда?

Жамият 7 май 14:37 416

Аксарият фикр билдирувчилар президентнинг ташрифи маҳалланинг обод бўлишига, неча йиллардан буён эътиборсиз қолдирилган муаммолар ечилишига сабаб бўлганини айтишмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Яшнобод туманида бўлди ва бу ерда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Президент тумандаги 32-оилавий поликлиникага кутилмаган ташрифни амалга оширди ҳамда поликлиника жойлашган маҳалладаги аҳоли билан мулоқот қилди. Шавкат Мирзиёевнинг халқ ичига кириб бориши, раҳбарларни халқ дардини тинглаш ва муаммоларини ҳал этишга даъват қилиши одамларнинг миннатдорликларига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, Мирзиёевнинг Яшнободга ташрифидан сўнг президентнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси нафақат ушбу туман аҳолиси, балки бошқа туман ва вилоят аҳлининг ҳам фикрлари билан тўлиб-тошди. Аксарият фикр билдирувчилар президентнинг ташрифи маҳалланинг обод бўлишига, неча йиллардан буён эътиборсиз қолдирилган муаммолар ечилишига сабаб бўлганини айтишади.

Баъзи фойдаланувчилар раҳбарларни президентдан ўрнак олишга чақиришган.

«Ҳамма юқоридаги раҳбарлар, ҳокимлар ўрнак олсин, халқини танисин», деб ёзади Садоқат Мамажонова. Шамсиддин Юсупов эса «Ҳар бир туманга шундай инсонлар керак. Бир ўзига жуда қийин. Омад ва шижоат сўнмасин», дейди. “Ҳокимлар ўрнак олсин! Ҳафтада бир марта туманига чиқиб муаммоларни ҳал қилишсин. Ана шунда тартиб бўлади ва президентимизнинг янада муҳимроқ ишларни бажаришга кўпроқ вақти бўлади. Биз сайлаган депутатлар ҳеч бўлмаса бир марта аҳоли билан учрашиб оддий фуқаролар билан суҳбатлашинг. Шунда халқона қонунлар қабул қилинади, халқ эса ўз навбатида мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш ва гуллаб-яшнаши учун ҳисса қўшади. Президент ўрнак кўрсатди, энди навбат ҳокимларга”, деб ёзади Таня Пирогова.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинган бўлиб, президент барча раҳбарлардан халқ ичига кириб боришни, халқ дардига малҳам бўлишни талаб қилмоқда. Фуқароларнинг мурожаатларига беписандлик билан қараган амалдорларга тегишли чоралар кўрилмоқда.

Изоҳ билдириш