25124

Президент: Мана, яқинда иш фаолиятимизга бир йил тўлади, аҳолимиз, бизга катта умид ва ишонч билдирган халқимиз олдида амалий ишларимиз билан ҳисобот берадиган вақт келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 ноябрь куни Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш, Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, департаментлар мудирлари, вазирлар, қўмита ва компаниялар раисларининг шахсий масъулиятини кучайтириш билан боғлиқ масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари иштирок этди.

Мана, яқинда иш фаолиятимизга бир йил тўлади, аҳолимиз, бизга катта умид ва ишонч билдирган халқимиз олдида амалий ишларимиз билан ҳисобот берадиган вақт келди. Ишга янгича ёндашиш, оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшаш, фидойилик ва жонкуярлик кўрсатиш ижро ҳокимиятининг барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилари фаолиятининг асосий мезонига айланиши зарур, деди Президентимиз.

Очиқ тан олиш керакки, биз ўз олдимизга қўйган, эл-юртимиз кутаётган натижаларга ҳали тўла эриша олганимиз йўқ. Бу борадаги ишларни фаоллаштириш, янги босқичга кўтариш мақсадида 27 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари, ҳукумат аппарати таркибий бўлинмалари раҳбарларининг самарали ва натижали ишини таъминлаш, уларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмаси қайта шакллантирилиб, янги комплекслар ва вазирлик ташкил этилди.

Қарорга биноан Вазирлар Маҳкамаси тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси раҳбарлари лавозимлари киритилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожлантириш вазирлиги ташкил этилди.

Ушбу муҳим ўзгаришларнинг сабаблари ҳақида сўз юритар экан, Президентимиз қуйидаги фикрларга алоҳида урғу берди.

Биринчидан, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани, мамлакат ҳудудларини ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалаларини ҳал этишнинг шакллари ва усулларини тубдан ўзгартириш зарур.

Иккинчидан, жорий йил мобайнида вилоятлар, шаҳар ва қишлоқлардаги аҳолининг турли қатламлари билан ўтказилган мулоқотлар натижалари бўйича ҳар бир ҳудуд, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг ҳаётий муаммоларини ҳал қилишга янада кенг эътибор қаратиш керак.

Учинчидан, ўз зиммасидаги вазифаларни бажариш, зарур натижага эришишни таъминламагани учун турли бўғиндаги раҳбарларни алмаштириш, замонавий билим ва малакага эга бўлган, Ватанга садоқатли, фидойи ёшларга масъулиятли лавозимларни ишониб топширишни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда, деб таъкидлади давлатимиз рахбари.

Изоҳ билдириш