54575

Президент муҳим қонунни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналид хабар берилди.

“Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, фуқаровий ҳамда хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш 2020 йил 30 январдан лицензияланиши талаб қилинадиган фаолият тури саналади.

Ҳозир рўйхатда ов ва спортга мўлжалланган ўқотар қуролни ҳамда унинг ўқ-дориларини, шунингдек совуқ қуролни (пичоқларнинг миллий турларидан ташқари) ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилиш назарда тутилган.

“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишларга кўра ижро жараёнига жалб қилинган мутахассис ёзма хулосасини тақдим этиш муддати давлат ижрочиси қарори билан танишган кундан бошлаб 15 кун этиб белгиланди.

Илгари муддат ўрнатилмаган.

Шунингдек, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб ижро ишини юритишни қўзғатиш тўғрисидаги билдиришнома унинг жўнатилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги фактини қайд этиш имконини берувчи махсус автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда ундирувчининг ёки қарздорнинг электрон почтаси ёки мобиль телефонига қисқа хабар тарзида юборилади.

Қонун билан шунингдек, ижро жараёнига медиация институтини жорий этишга оид қўшимчалар киритилди.

Бунда профессионал медиаторнинг иштироки албатта талаб этилади.

“Медиация тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра ижро жараёнида медиация тартиб-таомили амалга оширилган тақдирда, уни амалга ошириш даврида ижро ишини юритиш тўхтатиб турилади, шунингдек медиацияни амалга ошириш муддати кўпи билан 15 кунни ташкил этади.

Изоҳ билдириш