15483

Президентнинг янги қарори: Туризм соҳасини ривожлантириш бўйича бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида

Тур 17 август 14:51 882

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018–2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантиришнинг биринчи галдаги чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори тасдиқланди.

Мамлакатимиз туризм индустрияси жадал ривожланиши учун қисқа муддатда энг қулай шарт-шароит, иқтисодий, маъмурий ва ҳуқуқий муҳит яратиш, жумладан, соҳада хусусий секторнинг устувор иштирокини таъминлаш, унинг рақобатбардошлиги ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти ва даромадлари базасини кенгайтириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, миллий туризм маҳсулотларини жаҳон бозорида фаол ва комплекс илгари суриш мақсадида:

1. 2018-2019 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда – Биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Мазкур қарорда кўзда тутилган ва Биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурига киритилган тадбирларни амалга оширишни молиялаштиришнинг манбалари этиб тадбиркорлик субъектлари – лойиҳа ташаббускорлари, вазирлик ва идоралар – ижрочиларнинг ўз маблағлари, жалб этилаётган тижорат банкларининг кредитлари, чет эл инвестициялари, халқаро молиявий институтлар ва донор мамлакатларнинг заём ва грантлари, хайрия маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар белгилансин.

2. Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш (кейинги ўринларда – Мувофиқлаштирувчи кенгаш) 2-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Биринчи навбатдаги чора-тадбирлар ижроси устидан тизимли назоратни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (Абдуҳакимов), вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш, шунингдек, барча тадбирларнинг белгиланган муддатларда сўзсиз ижро этилишини таъминлаш мақсадида уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, республикада туризм соҳаси ривожига тўсқинлик қилаётган масалаларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал қилиш;

туризмни ривожлантириш бўйича тасдиқланадиган ҳудудий дастурлар ижросини, ҳудудларда мавжуд салоҳиятдан фойдаланиш ва жойлардаги бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф қилишга қаратилган ишлар самарадорлигини ўрганишни ташкил этиш, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа ташаббускорлардан тушадиган тематик кўнгилочар боғлар, маданият объектлари (миллий музейлар, галереялар), туристик-рекреацион ҳудудлар ва кластерлар ташкил этиш, сайёҳлик намойишининг алоҳида объектларини қуриш ва имижга доир бошқа лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чет эл ва мамлакатимиз сармоядорларининг маблағлари, тижорат банклари кредитлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг бюджетдан ташқари маблағларини жалб қилиш ҳисобига туризм соҳасида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва соҳа билан боғлиқ инфратузилмани ривожлантириш учун давлат кўмагини олишга доир таклиф ва буюртмаларни ҳар йили кўриб чиқиш.

3. Мувофиқлаштирувчи кенгаш (Арипов) бир ой муддатда қуйидагиларни:

Мувофиқлаштирувчи кенгаш ишининг регламенти ҳамда туризм соҳасининг турли йўналишлари бўйича муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлашни таъминлайдиган Мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳузуридаги эксперт гуруҳлари таркибларини;

Биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурида кўзда тутилган тадбирларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича «йўл хариталари»ни тасдиқласин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари раҳбарлигида туризмни ривожлантириш бўйича ҳудудий кенгашларни ташкил этсин;

вазирлик ва идоралар – масъул ижрочилар билан биргаликда кўзда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли ва тўлиқ амалга оширилишини таъминласин, ҳар чоракда Биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурининг ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига ахборот тақдим этсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг (Абдуҳакимов) 2018-2019 йилларда чет давлатлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича халқаро шартномалар ишлаб чиқиш ва уларни имзолашга тайёрлашни ташкил этиш тўғрисидаги таклифи 3-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (Комилов) Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига (Абдуҳакимов) хорижий ҳамкорлар билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича халқаро шартномаларни тайёрлаш ва уларни имзолашни ташкил этишда амалий кўмак берсин.

6. Хорижлик туристлар, жумладан, зиёрат қилиш мақсадида келаётган туристлар учун виза ва рўйхатдан ўтиш тартиботларини босқичма-босқич соддалаштиришга доир таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда – Ишчи гуруҳ) 4-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Ишчи гуруҳ:

бир ой муддатда чуқур ўрганиш асосида фуқароларига 2018 йилнинг 1 январидан виза тартибини соддалаштириш таклиф этилаётган мамлакатлар ҳамда фуқароларига махсус зиёрат туризми дастурлари таклиф этиладиган давлатлар рўйхати бўйича таклифлар киритсин;

чет давлатлар фуқаролари учун виза тартибини соддалаштириш бўйича таклифларни ушбу давлатлар билан икки томонлама муносабатларнинг ривожланиш даражасидан, жаҳон туризм бозорининг конъюнктураси ҳамда халқаро ва минтақавий хавфсизлик соҳасидаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда мунтазам равишда киритиб борсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (Абдуҳакимов) «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК (Тян) билан биргаликда Малайзия, Индонезия ва бошқа мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасидаги муқаддас қадамжоларга зиёрат туризм йўналишидаги сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишларни фаоллаштирсин, бу борада керакли реклама тадбирларини ўтказсин, логистика, жумладан, чартер рейсларни ташкил этиш масалаларини ҳал этсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, (Абдуҳакимов), Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова) ва қатор тижорат банкларининг Бухоро ва Самарқанд шаҳарларидаги туризм ҳудудлари тажрибаси асосида Урганч, Тошкент шаҳарлари ва Фарғона вилоятида туризм ҳудудлари, шунингдек, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида тоғ кластерларини босқичма-босқич ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда 2018-2022 йилларда туризм ҳудудлари ва тоғ кластерларини ташкил этишнинг ташкилий-техник масалаларини кўзда тутадиган ҳукумат қарорини қабул қилсин, унда лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш ва кредитлаш учун масъул тижорат банкларини белгилашни назарда тутсин, шунингдек, чет эл сармоядорларини ўз вақтида жалб қилиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкалари ажратилиши, қурилиш ишларининг бошланиши ва сифатли якунига етказилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (Абдуҳакимов) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси (Аҳмедхўжаев) билан биргаликда ташкил этилаётган туризм ҳудудлари ва тоғ туризми кластерларига чет эл инвестицияларини жалб қилиш, шунингдек, янги меҳмонхоналар қуриш учун республикага етакчи меҳмонхона брендларини таклиф қилиш ёки мамлакатимиздаги меҳмонхона хўжаликларини улар бошқарувига бериш бўйича чоралар кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларига:

тадбиркорлик субъектларига янги меҳмонхоналар ва бошқа туризм инфратузилма иншоотлари қуриш, мавжудларини модернизация қилиш учун узоқ муддатли (15 йилгача) кредитлар ажратишни амалиётга жорий қилиш, бунда кредит ва фоизларни қоплашнинг меҳмонхоналар капитал талаблилиги ва мавсумий юкланганлигини ҳисобга олувчи шароитдан келиб чиқадиган талабларни назарда тутиш;

аэропортлар, темир йўл вокзаллари, меҳмонхоналар ва бошқа туризм объектларида халқаро тўлов тизимлари билан ишлайдиган банкомат ва терминаллар миқдорини тубдан кўпайтириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига тўловларни чет эл валютасида қабул қилиш, жумладан, алоқасиз электрон тўловларни жорий қилиш бўйича қўшимча қулайликлар яратиш;

тадбиркорлик субъектларига чет эл валютасидаги маблағларни ўтказиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар, терминаллар ижараси, эркин конвертация қилинадиган валютадаги нақд пулларни инкассация қилиш ва чет эл валютасида операциялар амалга ошириш билан боғлиқ бошқа хизматлар учун йиғимларнинг (комиссия тўловларининг) миқдори максимал даражада мақбул бўлишини таъминлаш тавсия қилинсин.

11. 2022 йил 1 январга қадар:

меҳмонхоналар – бошқарув ходимлари сифатида жалб қилинган малакали хорижлик мутахассисларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўлов тўлашдан;

меҳмонхоналарга бошқарув ходимлари сифатида жалб қилинадиган малакали хорижлик мутахассислар даромадлари – жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод этилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

13. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси
Президенти                                                                       Ш.Мирзиёев

 

Изоҳ билдириш