15174

Марказий банк: 22 августдан қиймати 50 минг сўм бўлган янги пул белгилари муомалага чиқарилади

Долзарб янгилик | Иқтисод 14 август 17:18 1 043

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2017 йилнинг 22 августидан бошлаб қиймати 50 000 сўм бўлган банкнот кўринишидаги янги пул белгиларини муомалага чиқаради. Бу ҳақда банк матбуот хизмати маълум қилди.

Янги банкнот 144 х 78 мм. ўлчамдаги ҳимояланган қоғозда тайёрланган. Унинг ўнг тарафидаги кенг оқ рангли сатҳда Ўзбекистон Республикаси Герби ва “50 000” рақами кўринишида сув белгиси мавжуд.

Оқ рангли сатҳнинг чап тарафидан қоғоз қатламида “Дарча” ва “3Д” эффектли юзага чиқиб, ичкарига ботувчи эни 4 мм. бўлган ҳимоя ипи ўтказилган.

Банкнот олд томонининг марказида Мустақиллик майдонидаги «Эзгулик» аркаси тепасидаги парвозга шайланган лайлаклар тасвирланган.

Банкнотнинг орқа томони чап қисмидаги оқ рангли сатҳда сув белгилари кўринади. Оқ рангдаги сатҳнинг юқори қисмида арка тасвири мавжуд бўлиб, ёруғликда кўрилганда банкнот олд қисмидаги тасвир билан бир-бирини тўлдиради.

Банкнотнинг марказида “ANJUMANLAR SAROYI” меъморий биноси тасвирланган.

Муомалага чиқарилаётган қиймати 50 000 сўм бўлган пул белгилари, айни пайтда муомалада бўлган пул белгилари ва тангалар билан бир қаторда, барча хўжалик юритувчи субъектлар ва аҳоли томонидан ўз қиймати бўйича барча турдаги тўловлар учун ҳеч қандай чекловларсиз қабул қилиниши шарт.

Изоҳ билдириш