45334

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик субъектлари бўйича янги фармонни имзолади

Тур 28 июль 10:23 1 708

Ўзбекистон Республикаси президенти “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни хукумат сайтида эълон қилинган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг мазкур Фармон кучга кирган вақтда мавжуд бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари бўйича қуйидагиларга ҳисобланган қарздорликни ҳисобдан чиқариш ҳақидаги таклифи маъқуллансин:

2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорларга;

давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларга.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган қарздорликларни ҳисобдан чиқариш, мазкур банднинг тегишли равишда иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган шахслар 2019 йил 1 январга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда амалга оширилиши белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармалари билан биргаликда ушбу бандда кўрсатилган шахсларнинг тадбиркорлик ва молия-хўжалик фаолиятини тиклашда, шунингдек, уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда фаол ёрдам берсин, бажарилган ишлар натижалари тўғрисидаги ойлик ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиб боради.

Якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият олиб бораётган жисмоний шахслардан тегишли фаолият тури бўйича белгиланган ставкадан келиб чиқиб ҳисобланган бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

а) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Олий суд билан биргаликда уч ой муддатда тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларга ҳисобланган ундириш умидсиз бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар, мазкур қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) бўйича қарздорликни хатловдан ўтказади, кейинчалик кўрсатилган қарздорликларни белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш чораларини кўради;

б) Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Марказий банки, Молия вазирлиги ҳамда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда:

солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлиги бўлган ва икки ой давомида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширмаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби;

молия-хўжалик фаолиятни амалга оширмаётган корхоналарни тугатиш тартибини соддалаштириш, шунингдек, фаолият кўрсатмаётган ташкилотлар ва муассислари узоқ муддат бедарак бўлган ташкилотларнинг умидсиз қарздорлигини ҳисобдан чиқариш механизмларини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

Изоҳ билдириш