33555

Ўзбекистон Республикаси Президентининг янги фармони

Фото: President.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 5 март куни «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармонни имзолади.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилди.

Вазирликнинг марказий аппарати тузилмасида спорт фаолиятини ташкил қилишда асослилик, объективлик ва шаффофликни таъминлашга, шу жумладан, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ажратилган давлат молиявий маблағларидан оқилона фойдаланилишини таҳлил қилиш, аҳолининг спорт хизматларидан қониқиш даражаси ва спорт хизматларидан фойдалана олиш шарт-шароитларини баҳолаш, шунингдек, коррупция ва бошқа суиистеъмолчилик ҳолатларини аниқлаш учун масъул бўлган Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мониторинг бошқармаси ҳам ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлинмалари тузилди.

Бевосита Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаларига бўйсунадиган ва Жамғарма ҳисобидан молиялаштириладиган туманлар (шаҳарлар) жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари ташкил қилинди.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти қошидаги Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказини вазирлик тасарруфига берилиб, уни Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Кўкча Дарвоза кўчаси, 27-уй манзилда жойлаштириш, Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида унинг филиаллари ташкил қилинди.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ташкил этилади.

Шунингдек, жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда спорт кийими, анжомлари ва жиҳозларини ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналар фаолиятини ташкил этиш учун пойтахт минтақасида «Спорт» эркин иқтисодий зонаси ташкил қилинади.

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ҳамда оммалаштиришда, мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини оширишда алоҳида хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ходимлари ҳамда бошқа шахсларни тақдирлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган жисмоний тарбия ва спорт ходими» фахрий унвони таъсис этилади.

Изоҳ билдириш

Сўнгги янгиликлар