31982

Президент боғча ерларидан фойдаланмоқчи бўлган “хомхаёл” тадбиркорларни танқид остига олди

Долзарб янгилик | Ўзбекистон 15 февраль 17:22 2 073
Фото: Президент матбуот хизмати

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 февраль куни мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Дастлаб бу масалада Андижон, Наманган, Самарқанд, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ўтказилган ўрганишлар натижаларига эътибор қаратилди. Масалан, Андижон вилоятидаги 87 маҳаллада биронта ҳам болалар боғчаси йўқлиги, 84 та боғча филиалини мустақил муассасага айлантириш ёки давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчаларини ташкил этиш бўйича туман ҳокимликлари томонидан аниқ чоралар белгиланмагани танқид қилинди. Шундай камчиликлар Наманган, Самарқанд, Фарғона ва Жиззах вилоятларида ҳам кузатилган.

Барча ҳудудларда учрайдиган бу каби камчиликларни босқичма-босқич бартараф этиш, мактабгача таълим муассасаларини яхшилаш мақсадида давлатимиз томонидан катта маблағ ва ресурслар йўналтирилмоқда. 2018 йил учун тасдиқланган Инвестиция лойиҳалари рўйхатига мувофиқ, 771 миллиард сўм бюджет маблағлари ҳисобидан 60 та боғча янгидан қурилади, 295 таси реконструкция қилинади ва 176 таси мукаммал таъмирланади.

Янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган боғчаларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини сифатсиз тайёрлаш, қурилиш ва таъмирлаш ишларини охирига етказмаслик, баъзиларини таъмирламасдан қолдириб кетиш ҳолатлари кўп учраётгани танқид остига олинди. Бу каби камчиликларни бартараф этиш учун ҳокимликлар, Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига тегишли топшириқлар берилди.

Навбатдаги муҳим масала, деди Шавкат Мирзиёев, давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат боғчалар тармоғини кенгайтиришдир. Ҳудудларга бириктирилган тижорат банклари ва тадбиркорлар томонидан 2018 йилда жами 222 минг нафар болага мўлжалланган 3 мингдан зиёд нодавлат болалар боғчасини ташкил этиш режалаштирилган. Шундан 1200 таси янги қуриладиган бинода, 1360 таси мавжуд биноларда ва 470 таси уй боғчаси сифатида ташкил этилади.

Жойларда бу борада қатор ишлар бошлангани, лекин Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Навоий вилоятларида суст бораётгани қайд этилди. Айрим раҳбарларнинг узоқни кўра олмаслиги ва давлат сиёсатини тушунмаслиги оқибатида ишлаб турган давлат боғчаларини хусусийлаштириш ва тадбиркорларга бериб юборишга уриниш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса аҳолининг ўринли ва жиддий эътирозига сабаб бўлмоқда. Шу боис тадбиркорларга ишламай турган боғчаларни бериш, бинони таъмирлаб ва жиҳозлаб ишлатиш вазифасини қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Хусусий боғча учун яхши жойдан ер, бино ва имтиёзли кредит олиб, қурилган ёки таъмирланган бинодан 1-2 йилдан кейин бошқа мақсадда фойдаланаман, деган хомхаёл билан юрган қўштирноқ ичидаги «тадбиркорлар» ҳам бор, деди Президент. Шу сабабли ҳокимликлар хусусий боғчалар учун ер ва бино ажратиш, банклар эса кредит бериш тўғрисидаги қарорларида бундай бинолардан камида 15-20 йил давомида боғча сифатида фойдаланиш зарурлиги тўғрисидаги шартларни назарда тутиши керак.

Молия вазирлигига Нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармасини тузиш, жамғарма маблағларини нодавлат болалар боғчалари учун бино ва иншоотларни харид қилиш, янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига имтиёзли ставкада кредит ажратишга йўналтириш топширилди.

Ҳал этишимиз зарур бўлган яна бир муҳим муаммо, деди давлат раҳбари, боғчаларда болаларни белгиланган меъёрлар асосида тўғри ва сифатли овқатлантиришни ташкил этишдир. Афсуски, болаларга сут маҳсулотлари ва мева тасдиқланган нормадан кам миқдорда берилмоқда, балиқ маҳсулотлари эса деярли берилмаяпти. Йиғилишда бу борада берилган топшириқларга мувофиқ, болаларни сифатли овқатлантириш, кўрпа, ёстиқ ва чойшабларини белгиланган муддатларда алмаштириш, дори-дармон ва ювиш воситалари учун ажратиладиган маблағлар миқдори етарли экани аниқ ҳисоб-китоб қилинади.

Йиғилишда мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг савияси, билими ва кўникмалари масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тизимда фаолият юритаётган қарийб 60 минг тарбиячининг атиги 21 фоизи олий маълумотли, 79 фоизи эса ўрта махсус маълумотга эга экани қайд этилди.

Бу борадаги ўрганишлар натижасида келгуси 3 йилда мактабгача таълим тизимида 47300 дан зиёд олий маълумотли педагог кадр, жумладан, 28300 нафар тарбиячи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбарига эҳтиёж пайдо бўлиши аниқланган. Шу боис, 2018—2019-ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида «Мактабгача таълим» йўналишида кундузги шаклда 3 йиллик бакалаврлар тайёрлаш тизими жорий этилади. Бунда илғор хорижий тажриба, жумладан, Жанубий Кореянинг етакчи университетлари тажрибаси асосида янги ўқув режаси ва дастурлари ишлаб чиқилади.

Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида сиртқи ва кечки шаклда бакалаврлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Жорий йил март ойидан бошлаб вилоятлардаги университет ва педагогика институтлари базасида боғчаларнинг педагог ва номутахассис кадрлари учун ярим йиллик ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади. Бу ҳақда сўз юритар экан, Президент Жанубий Кореянинг Пучон университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Мактабгача таълим университетини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда юқори малакали, олий маълумотли кадрларни рағбатлантириш, мактабгача таълим муассасалари педагог ходимларининг ойлик иш ҳақини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Имконияти чекланган ва жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган болаларга мўлжалланган боғчаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишларига ҳам эътибор қаратилди.

Изоҳ билдириш