15210

Президент қарори: Маҳкумлар ва қамоққа олинганлар ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилсин

Долзарб янгилик | Ўзбекистон 15 август 10:11 4 803
Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазоларни ижро этиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

2017 йил 11 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3200-сон қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги ПФ-5005-сонли «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўгрисида»ги Фармонига мувофиқ, шунингдек ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазоларни ижро этиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш мақсадида:

1. Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум этиш билан боглиқ бўлган жазоларни ижро этиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштиришнинг қуйидаги асосий йўналишларини амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг энг муҳим вазифаси деб ҳисоблансин:

биринчидан – маҳкумлар ва қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилинишини таъминлаш, ходимларнинг хизмат вазифаларини лозим даражада бажарилиши устидан назоратни коррупция ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатларини истисно этадиган тарзда кучайтириш;

иккинчидан – маҳкумларда қонун талабларига ва жамиятдаги хулқ-атвор қоидаларига риоя этиш маданиятини, билим ва маънавий-аҳлоқий савиясини оширишга интилишни шакллантиришга қаратилган қайта тарбиялаш ва ахлоқан тузатиш жараёнини такомиллаштириш;

учинчидан – фуқаролар билан уларни жиноий-ижроия соҳасида ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этишда самарали мулоқот ўрнатиш, жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган шахсларни ижтимой мослашувини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари билан узвий ҳамкорликни таъминлаш;

тўртинчидан – малакали кадрларни танлаш, уларни махсус касбий тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича самарали механизмларни жорий этиш;

бешинчидан – меҳнат бозорида талабга эга бўлган касблар бўйича асосий ҳунар ва умумтаълим дастурларини амалга ошириш доирасида маҳкумларни, ҳусусан вояга етмаган ва маълумотга эга бўлмаганларни ўқитиш сифатини ошириш;

олтинчидан – маҳкумларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уларни иш билан таъминлаш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш, шу жумладан ишлаб чиқаришни модернизация қилиш;

еттинчидан – қўйилган вазифаларни самарали бажаришни, маҳкумлар ва қамоққа олинган шахсларга қулай шароитлар яратишни назарда тутувчи ишни ташкил этишнинг замонавий шакл ва усулларини, ахборот-коммуникация технологияларини фаолиятда кенг қўллаш.

2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси тўғрисидаги (кейинги ўринларда – Жазони ижро этиш бош бошқармаси) низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3-4. Махфий.

5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бўлинмаларини биринчи навбатда, жазони ижро этиш муассасаларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳисобидан, танлов ва тендер савдоларини ўтказмасдан, тўғридан-тўгри шартномалар асосида жиҳозлаш;

Жазони ижро этиш бош бошқармасининг Марказлаштирилган жамғармасини ташкил этиб, уни шакллантириш манбалари сифатида жазони ижро этиш муассасалари ва улар ташкилотларининг ишлаб чикариш ва қишлоқ ҳўжалик фаолияти, шунингдек улар томонидан хизматлар кўрсатиш эвазига олинадиган фойдаси ҳисобидан Жазони ижро этиш бош бошқармаси томонидан белгиланадиган миқдордаги ажратмаларни белгилаш;

жазони ижро этиш муассасаларида давлат унитар корхоналарини ташкил этиш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

а) икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

ўқув жараёнига замонавий инновацион педагогик технологияларини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда жазони ижро этиш тизимидаги таълим муассасаларининг фаолиятини;

ҳунарга эга бўлмаган маҳкумларни, биринчи навбатда вояга етмаганларни касбий тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни назарда тутадиган таклифларни киритсин;

б) Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Жазони ижро этиш бош бошқармаси, унинг бўлинмалари ва муассасаларининг фаолиятига:

ҳисоб маълумотларига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқини фақат прокуратура органларига берган ҳолда маҳкумларга қўлланилган интизомий жазоларни автоматлаштирилган ҳисобини юритиш тизимини;

маҳкумлар ва камоққа олинган шахсларни назорат қилиш ва текшириш бўйича замонавий техник воситаларини;

Жазони ижро этиш бош бошқармаси, унинг бўлинмалари ва муассасалари ўртасида, шу жумладан маҳкумларга масофали видео-учрашув ташкил этиш имкониятини назарда тутган ҳолда ҳимояланган алоқа канали бўйича видеоконференция тизимини босқичма-босқич жорий этилишини таъминласин.

7. Жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг ташкилотлари 2023 йил 1 январгача бўлган муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2017 йил 1 ноябрга қадар 2018-2022 йилларда жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини ривожлантириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар Дастурини тасдиқласин:

жазони ижро этиш муассасаларининг бино ва иншоотларини капитал қуриш ва реконструкция қилиш;

мақсадли параметрлар ва манзилли дастурига мувофиқ жазони ижро этиш муассасалари ва улар ташкилотларининг ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш;

ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг ташкилотларида муайян турдаги маҳсулотлар учун буюртмаларни жойлаштириш;

жазони ижро этиш муассасаларига ажратилган ер майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш;

2019 йилдан бошлаб, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи жазони ижро этиш муассасалари коммунал ҳаражатларнинг алоҳида моддаларини, келгусида эса – ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи айрим жазони ижро этиш муассасаларини босқичма-босқич бюджет ҳисобидан молиялаштиришдан ўз маблаглари ҳисобидан тўлиқ сақлаб туришга ўтказиш.

9. Белгилансинки:

Жазони ижро этиш бош бошқармаси, жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг ташкилотлари раҳбарлари мақсадли параметрлар ва манзилли дастурга мувофиқ ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш бўйича чора- тадбирларни тўлиқ амалга оширилиши, шунингдек, Марказлаштирилган жамгармани шакллантирилиши ва унинг маблағларидан мақсадли фойдаланилиши учун шахсан масъул ҳисобланадилар;

жазони ижро этиш муассасалари ва улар ташкилотларининг молия- хўжалик фаолияти, шунингдек Марказлаштирилган жамғарма маблағларини бошқариш ва улардан мақсадли фойдаланиш устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Назорат-тафтиш инспекцияси ва бошка соҳавий хизматлари томонидан амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикси Молия вазирлиги томонидан Жазони ижро этиш бош бошқармасининг 2019 йил ва кейинги йилларда ҳаражатлар сметасини тасдиқлашда мажбурий тартибда Марказлаштирилган жамғарманинг даромад ва ҳаражатлари ҳисобга олинади.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, шунингдек буйсунувида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб давлат грантлари асосида олий таълим муассасаларида таҳсил олган битирувчиларни кейинчалик Жазони ижро этиш бош бошқармаси, унинг бўлинмалари ва муассасаларига ишга жойлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг буюртмаси бўйича тақсимлашни таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

бир ой муддатда Жазони ижро этиш бош бошқармасининг бўлинмалари ва муассасалари тузилмаларини тасдиқласин;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси Марказлаштирилган жамғармасининг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

уч ой муддатда давлат унитар корхоналарни ташкил этиш ва юқори малакали менеджерларни кенг жалб қилиш орқали жазони ижро этиш муассасаларида ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришни назарда тутувчи таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Жазони ижро этиш бош бошқармаси, унинг бўлинмалари ва муассасаларининг ишчи ва хизматчилари штат меъёрларини, лавозим номларини, разряд ва базавий тариф ставкаларини тасдиқласин;

2017 йил 20 ноябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бўлинмаларининг моддий-техника таъминотига бўлган эҳтиёжини танқидий ўрганиш натижалари асосида уларни биринчи навбатда жазони ижро этиш муассасаларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан жиҳозлаш, шунингдек вазирлик эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда Жазони ижро этиш бош бошқармасининг ишлаб чиқариш фаолиятини янада кенгайтириш бўйича комплекс чораларни кўрсин;

2017 йил 1 декабрга қадар жазони ижро этиш муассасаларини Ўзбекистон Республикасида жазони ўташ ҳамда авф этишни амалга ошириш тартиби ва шартлари билан танишиш учун ахборот стендлари ва (ёки) худди шу мақсадлардаги техник воситалар билан жиҳозланишини, шунингдек ушбу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигини расмий веб-сайтида жойлаштирилишини таъминласин;

2018 йил якуни бўйича жазони ижро этиш муассасалари давлат унитар корхоналарининг ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалик фаолиятини ривожлантириш юзасидан, шу жумладан уларнинг фаолиятини таҳлили ҳамда бошқа хўжалик субъектлари билан ҳамкорликдаги фаолиятини мақсадга мувофиқлигини инобатга олган ҳолда таклифлар киритсин.

12. Махфий.

13. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жазони ижро этиш муассасалари фаолиятининг қонунийлиги устидан, маҳкумлар ва қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқларини сўзсиз таъминланиши, уларни сақлаш тартиби ва шароитлари ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, коррупция ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларининг, шу жумладан ишлаб чиқариш фаолиятида самарали олди олиниши ва аниқланишига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, қатъий назорат ўрнатсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси О.Б. Муродов зиммасига юклатилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси
Президенти                                                                                   Ш.Мирзиёев

Изоҳ билдириш