34492

Булунғурлик ёшлар Ўзбекистон ҳалқига мурожаат билан чиқди

Долзарб | Ўзбекистон 27 март 17:21 240

МУРОЖААТНОМА!!!

Азиз ҳамюртлар!!!
Барчангизга маълумки, муҳтарам юртбошимиз Ш. М. Мирзиёев кўпдан буён халқимизни қийнаб келаётган, том маънода кўпчиликнинг ички бир дарди бўлган, халқимизга кўплаб ташвиш келтираётган, бир қатор кўнгилсизликларга сабабчи бўлаётган, бир сўз билан айтганда том маънода салбий бир иллатга айланиб улгурган муаммо: тўйлардаги дабдабабозликни қоралаб чиқдилар. Албатта, бу кўпчиликнинг дарди эди десак муболаға бўлмас. Ушбу танқид ортида миллийлигимизга бутунлай ёд бўлган 15-20 дан ортиқ турли туман маросимлар, маросимларки кўпдан кўп дабдабабозликлар, оврўпа маданиятига кўр-кўрона интилиш каби салбий иллатлар ётибди.

Тўғри, бу мавзуда бугунгача ҳам кўп ва хўп гапирилган, танқид қилинган. Аммо ҳар сафар гап гаплигича қолиб кетаётган эди. Ҳеч қачон бугунги каби давлат миқёсида муҳокама қилинмаган, мамлакат йўлбошчиси назарига тушмаган эди. Зеро, бу – бугунги давр талаби!

Юртбошимизнинг эзгу мақсад йўлидаги ушбу мурожаатномасига жавобан ОАВ орқали ҳар куни турли ҳудудлардан илк хушхабарлар кела бошлади. Хусусан, Ўзбекистондаги биринчи ихчам тўй Навоий вилоятида бўлиб ўтди. Хусусий тадбиркор Нуриддин Хабибов тўртта тўйхона соҳиби бўлишига қарамасдан ўғли Амриддин Раззоқовнинг тўйига 120 та меҳмон таклиф қилди. Ёшларга намуна кўрсатган келин-куёвга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан юртимиз бўйлаб бепул саёҳат қилиш учун сертификат берилди. Навбатдаги намунали тўй эса Сирдарёда бўлиб ўтди ва натижада Ёшлар иттифоқи томонидан 14 нафар йигитчага 14 та велосипед совға қилинди…

Ҳурматли ота-оналар!
Юртимиз бўйлаб жадаллик билан давом этаётган ушбу эзгу ишга, эзгу мақсад йўлида биз ҳам ҳамжиҳатлик билан ўз ҳиссамизни қўшайлик. Ўсиб келаётган, катта ҳаёт остонасига эндигина қадам қўйиш арафасида турган ёшларни тўғри йўлга бошлаб, атрофдагиларга ҳам ўрнак бўлайлик. Тўй ҳашам, орзу-умид баҳонасида “кўкка совурилаётган” пулларимизни ёшларнинг келажагига пойдевор қўйиш йўлида сарф этайлик. Зеро, муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганларидек, “одамлар эртанги кунидан эмас, бугунги кунидан рози бўлиб яшаши керак”. Бу эса, албатта, сиз-у бизнинг саъй ҳаракатимизга боғлиқ. Бу орқали сиз нафақат нақдингизни тежаган, балки, кўплаб оилаларнинг ёстиғини қуритаётган, ёш оилаларнинг бузилиб кетишига сабабчи бўлаётган салбий бир иллатга қарши фаол курашган, шунингдек, юртимиз иқтисодиётига, ўз навбатида фаровон келажагимиз равнақи йўлида ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз. Ўрнак бўлманг, ибрат бўлинг!

Азиз ёшлар!
Хабарингиз бор, сўнгги бир йил ичида юртимиз туб ислоҳотларга юз бурди. Хусусан, ёшлар масаласи борасида ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолияти ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир. Ёшлар сиёсати шахсан юртбошимиз эътиборида. Зеро, сиз шу азиз ватаннинг эртанги кунисиз. Юртимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар том маънода сиз ёшлар учун десак муболаға қилмаган бўламиз. Шундай экан, сизларга қаратилаётган катта эътибор, сизларга билдирилаётган юксак ишончни оқлашингиз, сиз ҳам ўз ўрнида лаббай деб жавоб бера олмоғингиз лозим.
Юрт келажаги, ватан равнақи, ўз тақдирингизга бефарқ бўлманг. Миллий маданиятимизга ёд бўлган ўзга бир элатлар маданиятига эргашманг. Зеро биз маданияти ҳамда қадриятлари кучли ва мустаҳкам буюк юрт фарзандларимиз. Юртимиз бўйлаб тобора кенг тарқалаётган ушбу аксияга сиз ҳам ўз ҳиссангизни фаол қўшинг. Бир лаҳзалик ҳой-у ҳавасларга берилиб, “сендан мен камми” қабилида иш тутиб, ўзингизни ва ота-онангизни, яқинларингизнип оғир аҳволга солиб қўйманг. Ўз келажагингизга бефарқ бўлманг. Замонавий дунёнинг олғир фикрловчи ва ташаббускор ёшлари қаторида бўлинг!

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Булунғур туман Кенгаши
(О. Саттаров)
Республика ёшлар маркази Булунғур туман бўлинмаси.
(А. Жаббаров)

Изоҳ билдириш