50405

Ёшларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имконияти берилади — Президент

Ўзбекистон 28 декабрь 12:20 511

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев айни дақиқаларда Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этмоқда. Президент ўз маърузасида олий таълим тизимига ҳам тўхталиб ўтди.

«Олий таълим тизимида таҳсил олиш учун кенг имкониятлар яратишга қаратилган ишларни янада кучайтиришимиз зарур.

Юртимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш ўтган йилларда 9-10% бўлиб келаётган эди. Сўнги 2 йилда кўрилган чора-тадбирлар туфайли биз бу рақамни 15%дан оширишга эришдик. Лекин бу ҳали етарли эмас, чунки дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибасига қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич уларда ўртача 60-70%ни ташкил этади.

Шунинг учун 2019 йилда мамлакатимизда битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 20%га етказиш ва келгуси йилларда ошириб бориш муҳим вазифаларимиздан биридир.

Ёшларимизга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятини беришимиз, ўйлайманки, уларнинг таълим олиш ҳуқуқларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Олий таълим муассасаларига реал имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, қабул квоталарини мустақил белгилаш тизимини жорий этишимиз керак.

Бакалавриат йўналишида таҳсил олаётган талабаларга хорижда ўқишини давом эттириш имкониятларини янада кенгайтиришимиз керак. Чунки жамиятимизда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлади.

Вазирлар Маҳкамаси ушбу таклифлар юзасидан 2 ой муддатда тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиши керак».

Изоҳ билдириш