49386

Ўзбекистонда автомобиль ойналарини қорайтиришга оид янги низом қабул қилинади

Ўзбекистон 23 ноябрь 10:08 1 338

«Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун мажбурий йиғимларни ундириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси порталига жойлаштирилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ Telegram-каналида хабар берилди.

Мазкур Низом хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун мажбурий йиғимларни ундириш тартибини белгилайди.

Низомда хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситалари деганда, хорижий давлатларнинг рўйхатга олиш идораларида рўйхатда турган, йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган, ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган, олд, ён ва орқа ойналаридан бири ёки бир нечтасининг (томидаги люк ойнаси бундан мустасно) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) автотранспорт воситалари тушунилади.

Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушадиган 15 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик кирган ёки транзит ҳаракатланишида бўлган чет эл расмий делегацияларининг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларига тадбиқ этилмайди.

Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан йиғимларни ундириш миллий валюта «сўм»да Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўлов кунидаги курси бўйича нақд пулсиз шаклда ёки тижорат банклари томонидан нақд пул шаклида, бевосита божхона постларида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси чегара божхона постлари:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кириш ва транзит ҳаракатланиш учун чегара божхона постидан ўтаётган хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларини аниқлайди;
ушбу автотранспорт воситаларининг ҳайдовчиларини мажбурий йиғимларни тўлаши учун чегара божхона постидаги банк кассаларига йўналтиради.
Чегара божхона постларидаги банк кассалари:

хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан мажбурий йиғимларни қабул қилади;
мажбурий йиғим қабул қилинганлиги ҳақида хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгисини кўрсатган ҳолда квитансия расмийлаштиради ва унинг бир нусхасини ҳайдовчига беради.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг йўл-патруль хизмати:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кирган ва транзит ҳаракатланаётган хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан мажбурий йиғимлар ундирилганлигини назорат тартибида текшириш учун квитансия нусхасини кўради;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кирган ва транзит ҳаракатланаётган хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан мажбурий йиғимлар тўланмаганлиги аниқланганда, уларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштиради.
Хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан ундирилган йиғим маблағларини тижорат банклари орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хорижий давлатларнинг ойналари туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинча кириши ва транзит ҳаракатланиши учун ундирилган мажбурий йиғим маблағларининг ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга мақсадли йўналтирилишини таъминлайди.

Чегара божхона постларидаги банк кассалари томонидан берилган мажбурий йиғимлар қабул қилинганлиги ҳақида квитансия енгил автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун ички ишлар органларининг рухсатномасига тенглаштирилади.

Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Изоҳ билдириш