3130

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони (+видео)

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу хақида Ўзбекистон телеканалининг ахборот дастурида эълон қилинди. Хужжатнинг тўлиқ матни Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати сайтида чоп этилган.

Фармонда Ички ишлар вазирлиги тизимида қатор ташкилий ўзгартишлар назарда тутилган.

ИИВ тизимида қуйидагилар ташкил этилади:

1. Жиноят қидирув бош бошқармаси ҳамда Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси – Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси негизида;
2.  Эксперт-криминалистика бош маркази – Эксперт-криминалистика маркази ва Эксперт-портлатиш техникаси маркази негизида;
3. Молия ва моддий-техника таъминоти бош бошқармаси – Молия-иқтисодиёт бошқармаси, Моддий-техника таъминоти бошқармаси, Хўжалик бошқармаси, Капитал қурилиш бошқармаси негизида;
4. Халқаро ҳамкорлик бошқармаси – Ташкилий-инспекторлик бошқармасининг Халқаро ҳамкорлик бўлими ҳамда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармасининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ушбу соҳада халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик бўлими негизида.

Қуйидаги бўлимлар қайта ташкил этилади:

Тергов бош бошқармаси — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментига;

Шахсий таркиб билан ишлаш хизмати —  Кадрлар бош бошқармасига;

Ташкилий-инспекторлик бошқармаси — Ташкилий-инспекторлик ва ахборот-таҳлил бош бошқармасига;

Хорижга чиқиш, кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси — Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига; 

Шахсий таркиб бўйича махсус инспекция — Ўз хавфсизлиги бошқармасига;

Котибият — Жисмоний, юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва иш юритиш бошқармасига; 

Алоқа бўлими — Ахборот технологиялари, алоқа ва ахборотни ҳимоялаш бошқармасига; 

Транспортдаги ички ишлар бошқармаси — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармасига, тармоқ ички ишлар бошқармалари (бўлимлари, бўлинмалари) транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлимларига.

Шунингдек, Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти Ҳарбий-техника институтига,  Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби Ёнғин хавфсизлиги институтига, Сержантлар таркибини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказлари ички ишлар органлари ходимларини бошланғич тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларига ўзгартирилади.

Бундан ташқари, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими (бўлинмаси) бошлиғи лавозими жорий этилсин ва у профилактика инспекторлари ишини, авваламбор, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун жавобгар бўлади.

Изоҳ билдириш