43845

O‘zLiDeP 42 нафар ёш ихтирочига стипендия беради (фото, видео)

Ўзбекистон 5 июль 10:14 290

O‘zLiDeP Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Ёш инновациячи” кўрик танловини ўтказди. Бу ҳақида O‘zLiDeP матбуот хизмати Аsr.Uz`га хабар берди.


Кўрик-танлов бугун мамлакатимизда ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар туфайли юртимизда юзлаб иқтидорли ёшлар ўз салоҳиятини намоён этаётганлигини яққол кўрсатди.

Танлов биринчи маротаба ташкил этилаётган бўлса-да, ёшлар ўртасида жуда катта қизиқиш уйғотди. Чунки мазкур танлов қизиқувчан ва интилувчан ихтирочи-ижодкор ёшларни қўллаб-қувватловчи энг биринчи танловлардан биридир. Иштирокчилар ишлаб чиқариш ва сервис, туризм, қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш борасида ишлаб чиққан инновацион лойиҳалари билан қатнашишди. Танловнинг туман, шаҳар ва вилоят босқичида қарийб 600 нафарга яқин йигит-қиз ўз ихтиролари ва ишланмаларини намойиш этди.

“Ёш инновациячи” кўрик-танловининг Республика босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичида ғолибликни қўлга киритган ёш ихтирочи иштирок этишди.

Кўрик тановнинг учинчи куни ёш инновациячилар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази, Турин Политехника университетидаги замонавий техника ва технология воситалари маркази каби инновацион марказлар фаолияти билан ҳам танишишди.

Ушбу Марказ ходимлари томонидан ёш инновациячиларга мамлакатимиз иқтисодиётида инновацион ишланмаларнинг ўрни, бу борада марказнинг олдида турган асосий вазифалар тўғрисида ҳикоя қилиб берилди. Замонавий тадқиқот ускуналари билан жиҳозланган марказ мамлакатнинг турли бурчакларидан келган ёш инновациячиларда жуда катта таассурот қолдирди.

Турин политехника университетида ташкил этилган замонавий техника ва технология воситалари ёш инновациячиларга атрофлича таништирилди.

Шу ернинг ўзида танлов ғолибларига мукофотлар топширилди. Айтиб ўтиш керакки, ушбу танловнинг 42 та энг фаол иштирокичиси O‘zLiDePнинг бир йил давомида бериб бориладиган махсус стипендиялари эгалари бўлдилар.

Шу куннинг ўзида танлов ғолиблари Ўзбекистон Фанлар академияси Президиумида мамлакатмизнинг кўзга кўринган олимлари, Ўзбекистон Фанлар академияси академиклари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Албатта, ёш ихтирочилар учун бу бир умрга эсда қолувчи учрашув бўлиб қолиши шубхасиз. Унда ёш инновациячилар мамлакатимизда илм-фанга яратилаётган кенг имкониятлар баробарида ўз фаолиятларини янада ривожлантириш борасида бевосита академиклардан йўналишлар, қимматли маслаҳатлар олишди.

Видео

Ушбу танлов, унинг доирасида бўлиб ўтган тадбирлар ва учрашувлар ёш инновациячиларга яна бир бор Ўзбекистонда фанга, илмга, яратувчанликка бўлган интилиш қанчалик қадрланишини, қолаверса ўз салоҳиятини шу йўналишда ишлатишга интилган ҳар бир ёшга ўз салоҳиятини очиш учун барча имкониятлар яратиб берилишини кўрсатди. Уларда ўз салоҳиятига, ўз келажагига ишонч руҳини янада қарор топишига хизмат қилди.

Энг муҳими тадбир якунида O‘zLiDeP Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда бундай танловларни доимий ўтказиб боришни, қолаверса “Инновацион ғоялар банкини” юритишни режалаштирганлиги айтиб ўтилди. Мақсад бундай танловларда кашф этилаётган ҳар бир ёш инновациячи ва унинг кашфиётини кейинги тақдирини бевосита кузатиб бориш ва зарур бўлса тегишли молиявий, ташкилий кўмак кўрсатган ҳолда уларнинг ҳаётга жорий этишини таъминлашдан иборатдир.

Изоҳ билдириш