50936

МИБ яна бир фирибгарни фош қилди

Ўзбекистон 31 январь 17:32 775

Мажбурий ижро бюроси Пахтачи туман бўлимида фуқаро Н.Қиличевнинг аризаси юзасидан текшириш ўтказилди.

Маълум бўлишича, ўтган йил декабрь ойининг бошларида туман электр таъминоти корхонаси ходими Ф.Т. ўзининг хизмат хонасида Н.Қиличевнинг яшаш уйига янги электр ҳисоблагич ўрнатиб бериш ва ўрнатилган янги электр ҳисоблагични электр таъминоти корхонасининг маълумотлар базасига киритиб бериш эвазига ундан 404 минг сўм пулларни фирибгарлик йўли билан олган.

Мажбурий ижро бюроси ва Иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш Департаменти туман бўлими ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида Ф.Т. фуқаро Н.Қиличевдан олган пулларни қайтариб берган вақтида ушланган ва ушбу ҳолат тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюросининг Пахтачи туман бўлими томонидан Ф.Т.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, туман прокуратурасига юборилган.

Изоҳ билдириш