20747

Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирининг буйруғи

Ўзбекистон 16 октябрь 9:58 3 189

МУОМАЛАДА БЎЛГАН РЎЙХАТГА ОЛИНМАГАН ЎҚОТАР ҚУРОЛ ВА УНИНГ
ЎҚ-ДОРИЛАРИНИ, ПОРТЛОВЧИ МОДДА ВА ПОРТЛАТИШ ҚУРИЛМАЛАРИНИ ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ИХТИЁРИГА ТОПШИРИШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2017 йил 28 сентябрда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 2932)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги ПҚ-2833-сон «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  қарорига мувофиқ, буюраман:

1. Муомалада бўлган рўйхатга олинмаган ўқотар қурол ва унинг
ўқ-дориларини, портловчи модда ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органлари ихтиёрига топшириш қоидалари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Вазир А. АЗИЗОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 14 август,

179-сон

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2017 йил 14 августдаги 179-сон буйруғига

ИЛОВА

Муомалада бўлган рўйхатга олинмаган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органлари ихтиёрига топшириш

Қоидалари

Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги
ПҚ-2833-сон “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги  бўлмаган шахслар (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) томонидан муомалада бўлган рўйхатга олинмаган (ноқонуний муомалада бўлган) ўқотар қуролни, унинг ўқ-дориларини, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органларига ўз ихтиёри билан топшириш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ўқотар қурол – амалда қандай мақсадларда қўлланилишидан қатьи назар, отиш учун порох газларининг кучидан фойдаланиладиган барча турдаги жанговор, спорт ва ов қуроллари;

ўқ-дорилар – қурол учун лозим бўлган ўқлар, артиллерия снарядлари, бомбалар, миналар, гранаталар, ракеталарнинг жанговар қисмлари, шунингдек ўқотар қуролдан отиш учун мўлжалланган ашёлар;

портловчи моддалар – порох, динамит, тротил, нитроглицерин, аммонит ва кислородли ҳаво етишмаган вазиятда портлаш хусусиятига эга бўлган кимёвий моддалар ва аралашмалар;

портлатиш қурилмалари – портловчи моддалар билан тўлдирилган ва портлашни амалга ошириш учун мўлжалланган йиғилган ҳолдаги қурилмалар;

патронлар – ўқотар қуролдан отишга мўлжалланган, гильза ёрдамида ўт олдириш мосламаси воситасини, порох заряди ва отиладиган аслаҳаларни бирлаштирувчи ўқ-дори.

2. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширган фуқаро қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод қилинади.

Фуқаро ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топшириш тўғрисида қарорга келса ва унинг ўзи ушбу ашёларни топшириш ҳақида ички ишлар органларига ёзма ёки оғзаки равишда мурожаат қилса, у ашёларни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланади.

3. Фуқаро тинтув жараёнида ёки унда ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари борлиги ҳақида далиллар келтирилиши натижасида уларни топшириш тўғрисидаги қарорга келса, у ушбу ашёларни ўз ихтиёри билан топширган ҳисобланмайди.

2-боб.  Ўқотар қуролни,  ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топшириш, уларни ички ишлар органлари томонидан қабул қилиб олиш

1-§. Умумий талаблар

4. Ўзларида сақланиб келинаётган ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширишга истак билдирган фуқаролар ёзма ёки оғзаки равишда ариза билан бевосита, телефон орқали, электрон воситалардан фойдаланган ҳолда, шунингдек ўзининг яшаш жойи ёки ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари сақланаётган жой бўйича ҳудудий ички ишлар органларига ёки профилактика инспекторига мурожаат қилади.

Аризада қуйидагилар кўрсатилади:

фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, рўйхатдан ўтган яшаш жойининг манзили ва амалда яшаш жойининг манзили, паспорт маълумотлари, боғланиш учун телефон рақамлари;

топшириш вақтида топшириладиган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари бевосита сақланаётган жой, уларнинг номи, ўзига хос маълумотлари ва сони (топширилаётган ўқотар қуролларнинг сони, тури (системаси), русуми, модели, калибри, заводда қўйилган серияси, рақами ва ишлаб чиқарилган йили; ўқ-дориларнинг сони, тури ва калибри, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларининг тури (системаси), русуми, номи ва сони –  агарда маълум бўлса, ёхуд  уларнинг таснифи), уларга эгалик қилиш (сотиб олиш) ҳолати ва манбаларининг қисқача тавсифи.

Ёзма аризанинг намунавий шакллари мазкур Қоидаларнинг 1 ва 2-иловаларида белгилаб қўйилган.

5. Фуқаро томонидан ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топшириш тўғрисидаги оғзаки мурожаат қилинганда, ариза мазкур Қоидаларнинг 4-банди талабларига мувофиқ тегишлилиги бўйича ҳудудий ички ишлар органининг тезкор навбатчиси ёки профилактика инспектори томонидан расмийлаштирилади.

2-§. Ўқотар қурол ва патронларини топшириш, уларни ички ишлар органлари томонидан қабул қилиб олиш

6. Ўқотар қурол ва патронлар фуқаролар томонидан оғзаки ёки ёзма ариза асосида бевосита ҳудудий ички ишлар органларига топширилади.

Фуқаро томонидан топширилаётган ўқотар қурол қисмларга бўлакланган (агарда техник имконияти бўлса), патронлари олинган ҳамда ўқотар қурол ва патронлар алоҳида ўрамга жойлаштирилган бўлиши лозим.

Фуқаро ички ишлар органи назорат-ўтказиш пунктида хизматни ўтаётган ходимга ўқотар қурол ва патронлар жойлаштирилган ўрамни қолдиради ҳамда ички ишлар органи ходими кузатувида навбатчилик қисмига олиб кирилади.

Назорат-ўтказиш пунктида қолдирилган ўқотар қурол ва патронлар навбатчилик қисмига тезкор навбатчининг ёрдамчиси томонидан олиб кирилади.

Фуқаро томонидан ўз ихтиёри билан топширилаётган ўқотар қурол ва патронларни қабул қилиб олиш ишлари фуқаро иштирокида тезкор навбатчи томонидан амалга оширилади.

Агар икки ва ундан кўп фуқаролар бир вақтнинг ўзида ўқотар қурол ва патронларни топширишга келган бўлса, улар ҳамда улар томонидан топширилаётган ўқотар қурол ва патронлар навбатчилик қисмига алоҳида бирма-бир олиб кирилади.

7. Олис ва ўтиш қийин бўлган аҳоли пунктларида яшовчи, шунингдек ёши туфайли, соғлиғининг аҳволи, оилавий ва ўзга ҳолатлар сабабли ўқотар қурол ва патронларни бевосита ҳудудий ички ишлар органига топшириш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар ўқотар қурол ва патронларни профилактика инспекторига топшириши мумкин.

Бундай ҳолларда мазкур Қоидаларнинг 4-бандига мувофиқ бирламчи тарзда ёзма аризани, шунингдек ўқотар қурол ва патронларни қабул қилиб олиш профилактика инспектори томонидан амалга оширилади.

Фуқаро томонидан профилактика инспекторига топширилаётган ўқотар қурол қисмларга бўлакланган (агарда техник имконияти бўлса), патронлари олинган ҳамда ўқотар қурол ва патронлар алоҳида ўрамга жойлаштирилган бўлиши лозим.

8. Ўқотар қурол ва патронларни қабул қилиб олган профилактика инспектори мазкур Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ билдирги асосида ҳудудий  ички ишлар органининг тезкор навбатчисига ўқотар қурол ва патронларни топширади, билдиргига фуқаронинг аризаси илова қилинади.

9. Ўқотар қурол ва патронларни қабул қилишда ҳудудий ички ишлар органининг тезкор навбатчиси ўқотар қурол ва патронларни топшираётган фуқаро иштирокида мазкур Қоидаларнинг 4-иловасига мувофиқ Ўз ихтиёри билан топширилган ўқотар қурол ва патронларни кўздан кечириш ва қабул қилиб олиш далолатномасини тузиш орқали қабул қилиб олинаётган қуролнинг ҳақиқий сони, тури (системаси), русуми, модели, калибри ва мавжуд ўзига хос индивидуал реквизитлар (серияси, рақами ва ишлаб чиқилган йили), патронларнинг сони, тури ва калибрининг уларни топшириш ҳақидаги аризада кўрсатилган ёзувларга мувофиқлигини текширади.

Ўқотар қурол ва патронлар ҳудудий ички ишлар органининг профилактика инспекторига топширилган тақдирда далолатнома ҳудудий ички ишлар органининг тезкор навбатчиси томонидан ушбу профилактика инспектори иштирокида тузилади.

Ўқотар қуролнинг турини (системасини), русумини, моделини, калибрини, шунингдек ўзига ҳос индивидуал реквизитларни, патронларининг тури ва калибрини аниқлашда қийинчиликлар юзага келганда уларни кўздан кечириш учун ҳудудий ички ишлар органининг эксперт-криминалисти жалб этилади.

10. Ихтиёрий топширилган ўқотар қурол ва патронларнинг қабул қилинишининг ҳисобини юритиш мақсадида ҳудудий ички ишлар органининг тезкор навбатчиси томонидан мазкур Қоидаларнинг 5-иловасига мувофиқ ҳар бир қурол, шунингдек, ишлаб чиқарилган йили, заводи ва партияси, қурол тури ва калибри бир хил бўлган патронлар (аниқлик киритилган бўлса) бўйича уч нусхада квитанция расмийлаштирилади. Квитанциянинг бир нусхаси ўқотар қурол ва патронларни топшираётган фуқарога топширилади, иккинчи нусхаси қурол ва патронлар билан бирга сақланади, учинчи нусхаси назорат учун ҳудудий ички ишлар органининг навбатчилик қисмида қолдирилади.

Ўқотар қурол ва патронлар профилактика инспекторига топширилган тақдирда квитанциянинг биринчи нусхаси ўқотар қурол ва патронларни топширган фуқарога топшириш учун профилактика инспекторига берилади.

11. Агарда қабул қилинаётган ўқотар қуролнинг индивидуал рақами бўлмаса ёхуд  рақами ўчирилган бўлса, унга Ҳодисалар тўғрисидаги хабарларни қайд этиш китобида материаллар қайд этилган вақтинчалик тартиб рақами берилади. Қуролга берилган вақтинчалик тартиб рақами квитанцияга киритилади.

12. Квитанция тўлдирилгандан кейин ҳудудий ички ишлар органининг тезкор навбатчиси ўқотар қурол ва патронларни бу турдаги қурол-яроғларни вақтинча сақлаш учун ички ишлар органининг қуролларни сақлаш хонасида ажратилган алоҳида темир шкафларга жойлаштиради.

13. Ўз ихтиёри билан топширилган ўқотар қурол ва патронлар бўйича материаллар юзасидан навбатчилик суткаси давомида ҳудудий ички ишлар органининг бошлиғига ёки унинг вазифасини бажарувчи шахсга ахборот берилади.

Ҳудудий ички ишлар органида ўқотар қурол ва патронларни ўз ихтиёри билан топшириш бўйича материалларни расмийлаштириш, уларни қабул қилиш, ҳисобини юритиш ва сақлаш, уларни ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика, криминалистика ва қидирув ҳисоблари, қуролларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган ахборот-қидирув тизими орқали текшириш, стволи сойли ўқотар қуролни отиб текшириш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган  тартибда амалга оширилади.

3-§. Ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва порлатиш қурилмаларини топшириш, уларни ички ишлар органлари томонидан қабул қилиб олиш

14. Фуқароларнинг ўзларида сақланаётган ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини бевосита ўзлари ҳудудий ички ишлар органларига, ўзга давлат органлари ва ташкилотларга, шунингдек профилактика инспекторларига ёки ички ишлар органларининг бошқа ходимларига топширилишига йўл қўйилмайди.

Ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топшириш масалалари бўйича мурожаат қилинганда, фуқаро томонидан уларни мурожаат қилиш вақтида айнан қаерда эканлиги (квартира, уй, дала ҳовли, хонадон, иншоот, транспорт воситаси, ҳудуднинг аниқ бир участкаси, бошқа жойлар) кўрсатилади.

15. Фуқаро томонидан унинг ёнида ёхуд у кўрсатган жойда бўлган ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топшириш юзасидан  ҳудудий ички ишлар органига, профилактика инспектори ёки ички ишлар органларининг бошқа ходимларига мурожаат қилинганда фуқаро мурожаат қилган ички ишлар органининг тезкор навбатчиси ёки бошқа ходими қуйидагиларга мажбур:

фуқарога мутахассис етиб келгунга қадар хавфсизлик қоидаларига амал қилиниши, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари билан бирор-бир ҳаракатларнинг амалга оширилишига йўл қўймаслиги юзасидан йўл-йўриқ беришга;

зудлик билан ички ишлар органининг бошлиғига (фуқаро томонидан тезкор навбатчига мурожаат қилинганда) ёки ички ишлар органининг тезкор навбатчисига (фуқаро томонидан профилактика инспектори ёки ички ишлар органининг бошқа ходимларига мурожаат қилинганда) ахборот беришга.

16. Ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларининг ҳусусиятидан, сонидан ва ҳақиқатда жойлашган жойидан ҳамда ўзга ҳолатлардан келиб чиқиб ички ишлар органи бошлиғининг кўрсатмаси билан тезкор навбатчи томонидан белгиланган  тартибда ички ишлар органларининг махсус режалари амалга киритилиши мумкин.

17. Фуқаронинг ёнида ёки бошқа жойда ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари борлиги тўғрисида мурожаат келиб тушганда ички ишлар органи бошлиғининг кўрсатмасига асосан тезкор навбатчи томонидан ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари бўлган жойга хизмат вазифаларига портловчи қурилмаларни ва портлаш хавфи бўлган предметларни зарарсизлантириш ва йўқ қилиш вазифалари киритилган ички ишлар органининг мутахассис ходими (бундан буён матнда – портлатиш техниги деб юритилади) уларни хавфсиз ташиш ва сақлаш имкони мавжудлигини аниқлаш учун юборилади. Портлатиш технигининг жойига чиқиши Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар ички ишлар Бош бошқармаси раҳбарияти ёки тезкор навбатчисининг кўрсатмаси асосида амалга оширилади.

18. Портлатиш техниги етиб келгунга қадар ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари билан бирор-бир ҳаракатлар амалга оширилиши тақиқланади.

Ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини портлатиш техниги иштирокисиз кўздан кечириш, текшириш ва қабул қилиб олиш бўйича бирор-бир ҳаракатлар амалга оширилишига йўл қўйилмайди.

19. Ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини кўздан кечириш натижалари бўйича портлатиш техниги томонидан мазкур Қоидаларнинг 6-иловасига мувофиқ Ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини кўздан кечириш далолатномаси тузилади. Далолатномада ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини хавфсиз ташиш ва (ёки) сақлашни имкони мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хулоса қилинади.

Далолатнома ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз  ихтиёри билан топшириш бўйича материалларга қўшиб қўйилади.

20.  Портлатиш техниги томонидан ташишга ва ихтисослаштирилган омборлар шароитларида сақлашга хавфсиз деб топилган ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларининг ички ишлар органларига қабул қилинишига ва сақланишига йўл қўйилмайди, улар портловчи моддаларни сақлаш учун жиҳозланган омборхоналарга (базаларга, арсеналарга) сақлаш ёки Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг полигонларида йўқ қилиш учун топширилади.

21. Портлатиш техниги томонидан хавфсиз ташиш ва ҳудудий ички ишлар органларида сақлашнинг имкони мавжудлиги аниқланган ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари портлатиш техника экспертизасини ўтказишга рухсати бўлган экспертлари ва бу турдаги экспертизани (тадқиқотни) ўтказиш учун тегишли шароитлари мавжуд бўлган ҳудудий ички ишлар органининг эксперт-криминалистика бўлинмасига юборилади.

Ҳудудий ички ишлар органининг эксперт-криминалистика бўлинмаси экспертларида портлатиш техника экспертизасини амалга оширишга рухсати ва (ёки) бу турдаги экспертизани (тадқиқотни) ўтказишга тегишли шароитлар мавжуд бўлмаган тақдирда ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари экспертиза (тадқиқот) учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош марказининг портлатиш техникаси тадқиқотлари бўлинмасига юборилади.

Хавфсиз ташилиши ва сақланиши  мумкин бўлган ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топшириш бўйича материалларни расмийлаштириш, ички ишлар органларининг криминалистика ва қидирув ҳисоблари орқали текшириш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган  тартибда амалга оширилади.

Ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари ҳудудий ички ишлар органига қабул қилиниши, ҳисоби юритилиши ва сақланиши фақат портлатиш техника экспертизасининг хулосасида белгиланган  ҳолларда ва тартибда амалга оширилиши мумкин.

22. Портлатиш техниги томонидан хавфсиз тарзда ташиш ва сақлашнинг имкони йўқлиги аниқланган ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари ҳудудий ички ишлар органлари томонидан қабул қилинишига ва сақланишига йўл қўйилмайди ҳамда улар зарурий хавфсизлик чоралари кўрилган ҳолда Портловчи қурилмаларни, портлашдан хавфли предметларни аниқлаш, зарарсизлантириш ва йўқ қилиш бўйича махсус вазифаларни бажариш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ жойида йўқ қилинади. Йўқ қилиш ва йўқ қилиш усули тўғрисидаги қарор портлатиш техниги томонидан қабул қилинади ҳамда бу ҳақда Ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини кўздан кечириш далолатномасида тегишли ёзув қайд қилинади.

23. Эксперт-криминалистика бўлинмасида текширилишига эҳтиёж бўлмаган, шунингдек эксперт-криминалистика бўлинмаси томонидан текширувдан ўтказилган ҳамда ашёвий далил деб топилмаган ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари ўн кунлик муддатда йўқ қилинади.

3-боб. Якуний қоидалар

24. Ўз ихтиёри билан топширилган ҳамда ашёвий далил деб эътироф этилган ўқотар қурол ва ўқ-дориларнинг, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларининг ҳисоби юритилиши ва сақланиши жиноят-процессуал қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

25. Юридик шахслар томонидан ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларининг ички ишлар органларига ўз ихтиёри билан топширилиши юридик шахс раҳбарининг аризаси асосида мазкур Қоидалар билан белгиланган  тартибда амалга оширилади. Аризада ўқотар қуролни, ўқ-дориларни, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини топширишга ваколатли ходимнинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади.

26. Ўз ихтиёри билан топширилган ҳар бир ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 329-330-моддаларида назарда тутилган тартибда терговга қадар текширув ўтказилиб, қонуний қарор қабул қилинади.

Муомалада бўлган рўйхатга олинмаган ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органлари ихтиёрига топшириш қоидаларига белгиланган иловалар билан қуйидаги хавола орқали танишишингиз мумкин.

Изоҳ билдириш