49486

Фарғонада 5 киши қишлоқдошини ваҳшийларча ўлдирди

Ўзбекистон 27 ноябрь 11:46 1 708

«Ҳуқуқ» газетасида ўта оғир жиноят содир этган шахс ва унинг шерикларига нисбатан суд ҳукми ўқилгани ҳақидаги мақола чоп этилди, деб ёзади UZ24. Қуйида ушбу мақола тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этилади.

Хорижга ишга жойлаштириш борасидаги қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Хориждаги иш берувчилар билан меҳнат муҳофазасидан тортиб, турар жой билан таъминлашгача кўзда тутилган шартномалар тузиляпти. Расман ишга отланганларга керак бўлса, манзилга етиб олишлари учун йўл ҳақи берил­япти. Бироқ, жамиятимизда танишлари, яқинларининг мўмай даромад орттириш ҳақидаги пуч ваъдаларига алданиб, норасмий хорижга чиқиб кетганлар йўлкирага аранг пул топиб, қайтиб келган ҳолатлар ҳам қайд этиляпти.

Чет элда жиноий қилмишга қўл урган, қишлоғига қайтиб келиб, такроран ўта оғир жиноятни содир этган шахс ва унинг шерикларига нисбатан қўзғатилган иш судда кўрилди.

Асатилло (исм-фамилиялар ўзгартирилган) норасмий ишлагани хорижга чиқиб кетганлардан бири. У Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида ўғирлик қилиб, қамоқ жазосига маҳкум қилинади. Бир йил озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтади. Озодликка чиққач, ўзини «козир» ҳис қилиб, ўша юртда ишлаётган таниш ҳамюртларига тазйиқ ўтказа бошлайди. Ишлари, юриш-туришларига кўз-қулоқ бўлиб, муаммоларини ҳал қилиб бериш эвазига «хамир учидан патир» бериб туришни талаб қилади. Санкт-Петербург шаҳрида ишлаётган ҳамқишлоғи Омонжонга дам олиш куни қўнғироқ қи­либ, «Кўришайлик, гап бор», дейди. Уни енгил автомобилда қурилиши тугалланмаган кимсасиз бинога бошлаб боради. Э, йўқ, бе йўқ, уриб, дўп­послайди. Сўнгра, ҳар ойда йигирма минг рублдан бериб туришини, айт­ганини қилмаса, «ҳолига маймунлар йиғлаши»ни айтиб, исканжага олади. Унинг важоҳатидан қўр­қиб кетган Омонжон тўрвахалтасини йиғиштириб уйига, Бағдод туманидаги Мирзаобод қишлоғига қайтиб келади ва оғайниси Анвардан укасини чет элда дўппослаган зўравонни тартибга чақириб қўйишни сўрайди.

Кураш билан шуғулланган, ўзига яраша обрў-эътиборга эга Анвар Санкт-Петербургдаги ҳамқишлоғини дўп­послаган Асатиллога қўнғироқ қилади. «Бегона юртда бир-бирингга елкадош бўлиб, аҳил-иноқ юрмайсанларми», дея танбеҳ беради. У эса «Сиз аралашманг, гап уқмасларни нима қилишни ўзим биламан», деб жаҳл қилади. Хуллас, иккаласи телефонда бир-бирларини ҳақорат қилади. Шундан сўнг, Асатиллонинг кўнг­лида адоват уруғи ниш отади. Санкт-Петербургдан қайтиб келгач, Анвар билан орани очиқ қилиб олмоқчи бўлади. Бироқ полвонкелбат йигитга бас кела олишига кўзи етмай, кўпчилик бўлиб тиз чўктиришни дилига тугиб қўяди.

Анвар савдо-сотиқ билан рўзғор тебратади. Мирза­ободлик Сиддиқжон каби куз ойида Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги консерва заводига қатнайди. Консерва қилинганидан ортиб қоладиган олма ва булғор қалампири чиқитларини харид қилади, қуритиб, Бағдод туманидаги тегирмонларга нақд пулга сотади. Анвар галдаги сафарида қуритиб тайёрланган чиқиндиларни саралаб, икки баробар қиммат нархда сотиб олади. Ундан кейин Сиддиқжон қолган-қутганини харид қилиб олади-ю, сифатсизлиги туфайли ўтказа олмайди. Зарар кўриб, қарз бўлиб қолади. Анвар унинг қарзини ҳам тўлаб, заводдаги таъминотчи билан бир ўзи ишлашни давом эттиради. Ишни бас қилган аламзада Сиддиқжон кези келганда, рақобатчидан ўч олишга бел боғлайди.

Буни қарангки, «кўр-кўрни қоронғуда топибди», деганларидай, иккала дили қоралар тил топишади. Асатилло қарзини қайтаришни сўраб борганида Сиддиқжон қучоқ очиб, қарши олади. Дастурхон ёзиб, тўрга ўтқазади.

— Ҳалиги икки юз доллар зарур бўлиб қолди, — дейди Асатилло. — Тўғрилаб беринг…

— Топиш-тутишнинг мазаси йўқ, — нолийди Сиддиқжон. — Ярамас Анвар ошга пашша бўлди, — дея Самарқанддаги консерва заводидан оёғи узилганини унга тўнкайди.

— Ҳа, уми?! Ҳаддидан ошиб кетибди. Ўзича «разборшик» бўлиб олибдими? Аммо, мени совунимга кир ювмабди. Қў­лимга тушади ҳали…

Мол-дунёга ҳирс қўйган, пул деса ўзини томдан ташлайдиган муттаҳамларнинг гапи бир жойдан чиқади. Бировга ёмонликни раво кўрмаган, бирини ожизларга ҳукмини ўтказиб тунашдан қайтармоқчи бўлган, бошқасининг қарзини тўлаб, мушкулини осон қилган Анварга тиш қайрайди. Қасд олишга астойдил чоғланади. Қулай фурсатни пойлайди.

Сиддиқжонга ҳамқишлоғи Миножиддин мурожаат қилиб, зарур иш юзасидан Фарғонага бориб келишни сўрайди. Бензинини қуйдириб беришни ҳам ваъда қилади. Сиддиқжон Lacetti машинасида унинг олдига етиб боради. Йўл-йўлакай Асатиллони ҳам уйидан чақириб олади. Олтиариқда, йўл бўйидаги ошхонада тушлик қилишади. Сиддиқжон билан Асатилло битта шишани думалатади. Фарғона шаҳридаги «Мазза» ошхонаси ёнида Миножиддин телефонда танишини чақиради. Унинг машинасида ўз иши билан кетади. Ортига қайтиб келгунича ширакайф Сиддиқжон билан Асатилло Анварнининг танобини тортиб қў­йиш режасини пишитишади. «Миножиддин ишончли бола, яна иккита болани олиб, бирон хил­ват жойда суробини тўғрилаймиз», — дейди Асатилло. «Билингчи, қаерда экан». Сиддиқжон Анварнинг ўртоғи билан телефонда гаплашади.

— Синфдошларнинг гурунги бугун, — дейди у. — Бу сафар Анвар ош қилиб беради.

— Қайси чойхонада? — сў­райди Сиддиқжон.

— Ҳали аниқ эмас…

Сиддиқжон кетма-кет Анварнинг бир неча синф­дош­ларига қўнғироқ қилиб, охири Риштондаги чойхоналардан бирига боришларини аниқлайди.

— Шаҳар айланиб, бирон жойда тамадди қилайлик, — дейди ишини битириб келган Миножиддин. Сиддиқжон бошини чайқайди.

— Бошқа зарурроқ иш бор, Анвар ярамаснинг бурнини ерга ишқаймиз.

— Сиз нима десангиз шу, — дея Миножиддин тиш қайраганларга қўшилади.

Улар кечга яқин Бағдодга етиб келади. Телефонда боғланиб, полвонни йиқитгани қўшимча куч — Холдор ва Тожидинни ҳам Lacetti’га миндириб олади. Сиддиқжон темир йўл узра ўтган автомобиль кўприги яқинида тўхтаб, Анварнинг синфдошига қўнғироқ қилади. Кечқурун бешовлон Риштондаги «Бўс­тон» чойхонасига етиб бо­ради. Чойхонада хизмат қилиб юрган йигит хонада ўтирган Анварни чақириб беради. Ўзаро келишувга кўра Сиддиқжон чойхонадаги унинг синфдошлари даврасида кўз-қулоқ бўлиб қолади. «Зарур иш чиқиб қолди, сизсиз битмайди», дея Асатилло Анварни олд ўриндиққа, ёнига ўтқазиб, Lacetti’ни бошқариб кетади. Ўзининг Мирзаободдаги уйига етиб боргунча, хориждалигида телефонда ҳақорат қилганини эслатади. Уйига етиб боргач, тўрталаси Анварни хонага судраб киради. Асатилло уни деворга суяниб ўтириб қолгунича уриб, калтаклайди. Ташқарида қоровулда турган Холдор билан Тожиддинга қишлоқдаги хонадонлардан бензин топиб келишни буюради. Беҳол Анварни машинанинг орқа ўриндиғига ўтқазади.

Асатилло Миножиддинга «Сен қолиб, қон доғларини кетказгин», — дея буюради. Жияни Мама­юсуфга қўнғироқ қилиб, Spark машинасини бериб туришни сўрайди. Чойхонада ўтирган Сиддиқжонни чақириб олиб, Lacetti’нинг калитини беради. Ўзи Spark’­­­ни миниб олиб, фермер хўжалигининг кимсасиз дала шийпони томон йўл олади. Оёғида аранг турган Анварни шийпондаги минерал ўғит чуқурига туширишади. Асатилло уни уриб, йиқитади. Бетон бўлаги билан бошига уриб ўлдиради.

Сўнг­ра Spark’­­да уйига бориб, кетмон ва белкуракни олади. Хонадаги қон доғларини ювиб, тозалаб қўйган Миножиддин ҳам у билан шийпонга келади. Ер қаттиқ, жасадни кўмгани чуқур қазий олишмагач, бензин сепиб, ўт қўйишади. Бироқ олов ўчиб қолади. Асатилло уйига қайтиб бориб болта, целлофан олиб келади. Машина чироқлари ёруғида жасадни бўлакларга ажратади ва целлофан қопларга солиб, Катта Фарғона каналига ташлаб юборади. Сиддиқжон Lacetti’даги қон доғларини кетказиб, ҳеч нима бўлмагандай, чойхонага қайтиб, Анварнинг синфдошлари даврасига қўшилиб олади.

«Ош пишди, қаерда қолди», — дея синфдошлари хонама-хона Анварни ахтаради. Машинаси турибди, ўзи йўқ. Уяли телефонига қайта-қайта қўнғироқ қилишади. Битта косада ош олиб қўйиб, уй-уйларига тарқалишади.

Асатилло жиноий шерикларини уйларига элтиб қўйиб, «исини чиқармасликни» та­йинлайди.

— Тилингдан тутилмагин. Из қолдирмадик. Жасадни топишолмайди.

Жиянига қўнғироқ қилиб, Spark машинасини уйидан бериб юборади.

Қотиллик изларини йўқ қилдик, дея хомтама бўлганлар узоққа бора олмади. Орадан саккиз кун ўтиб, бешовлон бирин-кетин ҳибсга олинди. Суд мажлисида инкор этиб бўлмас далиллар билан уларнинг айби исботлангач, қасддан бировнинг умрига зомин бўлган А.С., С.Х., М.Қ., Х.В. ва Т.Д.лар 17 йилдан тортиб, 20 йилгача узоқ муддатга озодликдан маҳрум этил­ди.

Изоҳ билдириш