216

ДАН ходимлари автомобил рақамини ечиб олишга ҳақлими?

Жамият | Ўзбекистон 3 март 10:17 831

ДАН ходимлари автомобил рақамини ечиб олишга ҳақли эмас.
Агар автомобил белгиланмаган жойда парковка қилинган бўлса, инспектор эвакуаторга қўнғироқ қилиб, автомобилни жарима майдончасига юбориши лозим, деб хабар беришди Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармасида.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Йўл патрул хизмати ходимлари нотўғри парковка қилинган автомобиллардан рақамини ечиб олишга ҳақли эмас, деб хабар қилди Спутник Ўзбекистон мухбирига Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Дониёр Тошхўжаев.

Айтиш жоизки, кейинги вақтларда бу муаммо пойтахтдаги ҳайдовчиларнинг асосий бош оғриғига айланган. Қолаверса, ижтимоий тармоқларни кўздан кечирсангиз, бу муаммо хусусида қизғин тортишувлар бораётганига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Фойдаланувчиларнинг бир қисми ДАН ходимлари автомобил рақамини ечиб олишга ҳақли, деган фикрни билдиришаётган бўлса, қолган қисми кескин равишда бу қоидабузарлик эканлигини таъкидлашмоқда.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бу масалага ойдинлик киритишга ёрдам берди.

Дониёр Тошхўжаевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда ҳуқуқ-тартибот органлари ички тартиб буйруғига эгалар ва бу ҳужжатда автомобиллар рақамлари ечиб олиш тартиби қатъий белгиланган 45га яқин бандлар мавжуд.

«Мисол учун инспектор агар автомобил техник жиҳатдан носоз бўлса ёки бўлмасам узоқ вақт мобайнида шаҳарнинг бирон бир қисмида қолдириб кетилган бўлса машина рақамини ечиб олиши мумкин. Аммо инспектор нотўғри парковка қилинган автомобил рақамини ечиб олишга ҳақли эмас. У эвакуаторни чақириб, машинани жарима майдончасига юбориши лозим», — деб таъкидлади Тошхўжаев.

Изоҳ билдириш