49424

Бош прокуратура ўз жонига қасд қилган тадбиркор хақида расмий маълумот берди

Ўзбекистон 24 ноябрь 8:57 1 586

Аниқланишича, Дўстлик туманида фермер хўжалиги рахбари фуқаро С.Б. жорий йилнинг 06 ноябрь куни соат тахминан 11:30 ларда яшаш хонадонининг қўшимча қурилган омборхонадасида арқон билан ўзини-ўзи осиб, ўз жонига қасд қилиши натижасида воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Дўстлик туман прокуратураси томонидан тайинланган суд-тиббий экспертизасининг 19.11.2018 йилдаги хулосасига кўра, С.Б. ўлимига “бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан қисилиши натижасида механик асфекция сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Интернет ижтимоий тармоқларида фуқаро С.Б.ни ўз жонига қасд қилганлиги ҳолати Бош прокуратура ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан мол-мулклари мусодара қилинганлиги сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Шунга асосан, мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан фуқаро С.Б.нинг уйида ўтказилган ижро ҳаракатларининг қонунийлиги ўрганилди.

Ўрганишда фермер хўжалиги рахбари бўлган С.Б. 2017 йил ҳосилдорлиги учун ажратилган 104,6 млн имтиёзли кредитдан АТБ “Агробанк” туман филиалидан 58,1 млн сўмлик қарздорлиги мавжуд бўлган.

Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг 25.12.2017 йилдаги ҳал қилув қарорига кўра фермер хўжалиги хисобидан АТБ “Агробанк” Дўстлик тумани филиали фойдасига 58,1 млн. сўм ундириш белгиланган.

Суднинг мазкур қарори 26.01.2018 йилдаги ижро варақаси билан мажбурий ижро бюросининг Дўстлик тумани бўлимига келиб тушган ва давлат ижрочиси Ш.А. 22.02.2018 йилда иш юритувга олган ва қарздор С.Б.га қарздорликни тўлаш учун 5 кунлик ихтиёрий муддат берилган бироқ, қарздорлик тўлаб берилмаган.

Ижрони таъминлаш мақсадида МИБ вилоят бошқармаси бошлиғининг 20.10.2018 йилдаги буйруғига асосан 27.10.2018 йилда бюронинг Жиззах шаҳар бўлими давлат ижрочилари Ш.М. ва О.К.лар қарздор С.Б.нинг яшаш хонадонига холислар Д.Я. ва Д.Н.лар билан биргаликда боришган ва қарздорнинг уйидан онаси Г.Б. иштирокида ўлчами 3х4 метр бўлган 1 дона гилам далолатномага асосан расмийлаштириб олинган. (ушбу гилам фермер хўжалиги балансида бўлмаганлиги аниқланиб, 08.11.2018 йилда С.Б.нинг оила аъзоларига қайтарилган).

Бундан ташқари, Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг 24.10.2018 йилдаги ҳал қилув қарорига кўра фермер хўжалиги хисобидан АТБ “Агробанк” Дўстлик тумани филиали фойдасига 220,1 млн. сўм ундириш белгиланган.

Ўрганишда фермер хўжалиги рахбари С.Б. 2018 йил ҳосилдорлиги учун ажратилган 271,6 млн имтиёзли кредитдан АТБ “Агробанк” туман филиалидан 220,1 млн сўмлик қарздорлиги мавжуд бўлган.

Суднинг мазкур қарори 24.10.2018 йилдаги ижро варақаси билан мажбурий ижро бюросининг Дўстлик тумани бўлимига келиб тушган ва давлат ижрочиси Ш.А. 24.10.2018 йилда иш юритувга олган ва қарздор С.Б.га қарздорликни тўлаш учун 15 кунлик ихтиёрий муддат бериш юзасидан ижро иши қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мазкур ижро иши юзасидан хизмат сафарига юборилган МИБ Жиззах шаҳар бўлими давлат ижрочилари Т.Н. ва Х.М.лар 05.11.2018 йилда қарздор С.Б.ни уйига ажрим билан таништириш ва унинг ижросини таъминлаш учун борганида қарздор уйида бўлмаганлиги сабабли унинг онаси Г.Б.га қарздорликни тўлаши юзасидан тушунтириш берилганлиги аниқланди.

Изоҳ билдириш