48930

236-мактабдаги нохуш воқеа. Учтепада аслида нима бўлганди?

Ўзбекистон 7 ноябрь 11:38 1 248

Шу йилнинг 27 октябрида пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 236-мактабда нохуш воқеа рўй берди. Мактабнинг 11-“А” синфида таҳсил олаётган бир гуруҳ ўқувчилар ҳамда тарих фани ўқитувчиси ўртасида юзага келган келишмовчилик тартибсизликка айланиб, ўқитувчининг енгил тан жароҳати олишига сабаб бўлди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ушбу воқеага бефарқ қараб туришмади. Ота-оналар ҳамроҳлигида мазкур таълим муассасасига бориб, юз берган воқеа билан яқиндан танишишга ҳаракат қилдик.

Айни пайтда ушбу мактабда Учтепа туманида жойлашган 4 та маҳалла фарзандлари таҳсил олмоқда. Жумладан, Истироҳат, Шафтолизор, Ўткир ва Жарбулоқ маҳаллаларининг фаоллари шу муносабат билан мактабда ташкил этилган муҳокамада ўқувчилар, уларнинг ота-оналари билан юзма-юз суҳбатлашишди. Аниқланишича, таълим муассасасида шу кунга қадар бундай ҳолат кузатилмаган. Ўқувчилар томонидан йўл қўйилган бу каби одобсизлик сабаби, оиладаги тарбиявий муҳит атрофлича муҳокама қилинди.

— Бола тарбиясига, яхши таълим олишига биргина мактаб жавобгар эмас, — дейди Учтепа тумани “Истироҳат” МФЙ раиси Неъмат Рафиқов. — Бунинг учун, энг аввало, боланинг ота-онаси, маҳалла аҳли ҳам бирдек масъул. Шунинг учун бугун биз барча фаолларни йиғиб, ота-оналарни ҳам шу ерга чақирдик. Мақсадимиз рўй берган воқеада кимнидир айблаш ёки жазолаш эмас. Аксинча, биз нима учун бу каби воқеалар рўй беряпти, болаларимиз бундай ишга қўл ураётганининг сабаби нимадалигини аниқлаб олиб, шунга яраша чора кўришимиз керак. Токи, устозга нисбатан бундай ҳурматсизлик қайта такрорланмасин. Болаларни ҳам ортиқча сиқувга олиб, жазолаш фикридан йироқмиз. Улар билан бирга кўпроқ ота-оналари билан ишлаяпмиз. ¤зи фарзандининг орқасидан яхши гап эмас, мана бундай аччиқ гапларни эшитиш қанчалик оғир. Воқеа рўй бердими, шунга яраша иш олиб бориш керак. Демак, маҳалла фаоллари шу ўқувчиларнинг хонадонига янада чуқурроқ кириб бориши, улар ва ота-оналар билан суҳбатда бўлиши талаб этилади.

Маҳалла фаоллари ота-оналарнинг бу борадаги алоҳида масъулияти хусусида тўхталиб ўтишди. Мактабда ўтказилган бир неча йиғилишларга қатнашмасдан бефарқлик билан қараётган ота-оналар танқид қилинди. Болаларнинг айни катта ҳаётга қадам қўядиган, оқ-қорани танийдиган ёшида бу каби ҳолатлар юз бераётгани маҳалла фаолларини ҳам ташвишга солиши, табиий. Бундан кейин маҳалла — мактаб — ота-оналар ҳамкорлигини янада кучайтириш, маҳалла ҳузуридаги “Ота-оналар университети” фаолиятини жонлантириш хусусида келишиб олинди.

Худди шундай йиғилиш маҳаллалар миқёсида ҳам ташкил этилиб, қоидабузар ўқувчиларга маҳалла фаоллари, ота-оналар, мактаб жамоаси ва нуронийлар томонидан устоз мақоми, уни ҳурмат-иззат қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди.

Динара Чиркова / “Халқ сўзи”
Мунисхон КАРИМОВА/ “Халқ сўзи-online”

Изоҳ билдириш