45668

ОИТСга қарши курашиш марказига янги рахбар тайинланди

Тиббиёт 10 август 16:47 404

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида янги тайинловлар давом этмоқда. Тиббиёт фанлари доктори Қаҳрамон Юлдашев Республика ОИТСга қарши курашиш маркази директори лавозимида иш бошлади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Унга, аввало, ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, уни профилактикасини ўз вақтида амалга ошириш, диагностика ва даволаш стандартларини қайта кўриб, замонавий ҳамда инновацион технологияларни кенг жорий этиш, ушбу касалликка қарши самарали курашиш, беморларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш, шифохона ички инфекциялари билан касалланиш ҳолатларини кескин камайтириш сингари муҳим вазифалар юклатилди.

Шунингдек, у, бугунги кун талабидан келиб чиқиб мутахассислар малакасини ошириш, иммунология, вирусология ва эпидемиология йўналишларида илмий ишларни ривожлантириш, шу билан бирга, аҳоли ўртасида ушбу касалликка қарши самарали тарғибот ишларини кучайтириш, жаҳоннинг нуфузли халқаро ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби қатор устувор масалаларга ҳам масъул этиб белгиланди.

Қ.Юлдашев бугунга қадар Тошкент врачлар малакасини ошириш институти тиббий профилактика факультети декани лавозимида ишлаб келаётган эди.

Изоҳ билдириш