49312

Ўзбекистонда ис газини аниқловчи янги қурилма яратилди

Технология 20 ноябрь 14:27 404
Фото: «Халқ сўзи Online»

Ўзбекистонда ис газини аниқловчи янги қурилма яратилди. Бу ҳақда Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда маълум қилинди, дея хабар қилди Халқ сўзи нашри.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонларида иситиш тизими ва ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланиш хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда бу борада юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Анжуманда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ турли кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида яратилган қурилманинг афзалликлар хусусида ҳам батафсил маълумотлар берилди.

— Ушбу қурилмани Наманган вилоятида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, — дейди “Аҳолини ис газидан заҳарланиш ва ёнғиннинг олдини олиш” масъулияти чекланган жамияти директори Ҳусанбой Юнусов. — Қурилманинг афзаллик жиҳатлар кўп. Мисол учун, у хонадоннинг махсус иситиш тизимига ўрнатилади. Агарда уйда бирор сабаб билан метан, пропан ва бошқа ис газлари чиқадиган бўлса, қурилма ишга тушиб, уни аниқлаб беради ҳамда сигнал чала бошлайди.

Яна бир фойдали томони шундаки, агарда хонадонда ис гази пайдо бўлган пайтда уйда ҳеч ким бўлмаса, қурилма газни тармоқдан автоматик равишда ўчиради. Қурилма электр энергияга уланган ҳолда ишлайди. Шу орқали у электр қувватини ўзида жамлайди. Бу эса қурилма электр энергияси тизимдан узилган ҳолларда ҳам 24 соат ишлаб туриш имконини беради.

Мутахассисларнинг айтишича, айни пайтда қарийб мингга яқин ана шундай қурилма ишлаб чиқарилган бўлиб, дастлаб 20 таси Тошкент шаҳар ИИББ объектларига ўрнатилган. Келгусида уни аҳоли хонадонларида ҳам фойдаланиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди. Қурилманинг ўртача нархи 195 минг сўм атрофида.

Изоҳ билдириш