50250

Ўзбекистонда даромад солиғининг янги ставкалари тасдиқланди

Иқтисод 25 декабрь 16:29 1 575

Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун президент томонидан имзоланди.

Қонун билан бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан:

– жисмоний шахснинг даромадларига 12 фоизли ставка бўйича солиқ солинади.

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланади:

– юридик шахслар – 12 фоиз;

– тижорат банклари – 20 фоиз;

– цемент (клинкер) ишлаб чиқарувчи юридик шахслар – 20 фоиз;

– полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарувчи юридик шахслар – 20 фоиз;

– мобиль алоқа хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар – 20 фоиз;

– дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадларга 5 фоизли ставка бўйича солиқ солинади.

Эслатиб ўтамиз, илгариги тартиб бўйича жисмоний шахсларнинг даромадига қуйидагича солиқ солинган:

– даромаднинг энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваригача бўлган қисмига – 0 фоиз;

– даромаднинг энг кам ойлик иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача қисмига – 7,5 фоиз;

– энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача қисмига – 16,5 фоиз;

– даромаднинг энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари ва ундан кўп қисмига – 22,5 фоиз.

Изоҳ билдириш