44804

ТИВнинг ҳуқуқий департаменти М. Шакаров масаласида янги ахборот берди

Ўзбекистон 18 июль 8:46 599

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Москва қамоқхонасида бир ойдан ортиқ вақтдан бўён очликни давом эттираётган ўзбекистонлик Маъруфжон Шакаров масаласи бўйича изоҳ берди. 

Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси Консуллик бўлими томонидан 1996-йил 28-декабрда туғилган Ўзбекистон фуқароси Маъруфжон Зоҳид ўғли Шакаровга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. У суиқасд ва катта миқдордаги наркотик воситаларни сотиш мақсадида сақлашда айбланмоқда.

Консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш доирасида Россия ТИВ ва Москва шаҳрининг суд органларига расмий мурожаатлар йўлланди.

Натижада 2018-йил 14-июн куни Москва шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича Суд коллегиясининг апеллятсия ажримига кўра М.З.Шакаровнинг ҳаракати катта миқдордаги наркотик воситаларни сотиш мақсадини кўзламаган ҳолда сақлаш деб қайта квалификатсия қилинди, Москва шаҳри Преображенский туман судининг 2017-йил 13-декабрдаги ҳукми ҳам ўзгартирилди: 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

2018-йил 14-июл куни Элчихона консуллик бўлими ходимининг Москва шаҳар Жазони ўташ Федерал хизмати 1-тергов изолятори (СИЗО-1) раҳбарияти билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Суҳбат давомида М.Шакаров очлик эълон қилгани ва шу муносабат билан, ўрнатилган тартибга кўра, у доимий видеокузатув остидаги алоҳида камерага ўтказилганлиги маълум бўлди. Ҳар куни СИЗО раҳбарияти у билан суҳбат ўтказади, врач маҳкумни тиббий кўрикдан ўтказади. Тез тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилувчи бирон бир белги мавжуд эмас. Тез орада М.Шакаровнинг онаси ва ҳоласига у билан учрашишлари учун рухсат берилади.

Москва шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича Суд коллегияси қарорини тасдиқловчи Москва шаҳри Преображенский туман судининг ҳукми кучга киргач, консуллик ходимининг М.Шакаров билан учрашишига розилик берилиши мумкин.

Элчихона Консуллик бўлими мазкур масалани назоратда ушлаб турибди.

Изоҳ билдириш