47511

Шерзод Шерматов ТВда берилган лавҳага муносабат билдирди

Ўзбекистон 14 сентябрь 11:19 446

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ТВ орқали мактаб ўқувчиларининг формаси бўйича эфирга кетган танқидий лавҳа ҳақида Фейсбукдаги саҳифасида ўз муносабатини билдирди:

«Халқ таълими тизимидаги фаолиятимизнинг биринчи кунларида мактабларда жуда кўп муаммолар йиғилиб қолганлиги, улар қолиб иккинчи даражали бўлган форма ҳақида жуда кўп муҳокамалар бўлаётгани ҳақида айтиб ўтган эдик.

Лекин, афсуски, халигача шу масала муҳокамада. Менимча, ушбу масалага нуқта қўйиш вақти келди.

Журналистлардан илтимос, биргаликда ўқитувчиларимиз обрўсини оширишга ҳаракат қилайлик, обрўсини тўкишга эмас. Ўзи шундоқ ҳам яхши ўқитувчи топиш қийин. Агарда қандайдир кийимига эътироз бўлса уни оммага муаммо қилиб кўрсатгандан кўра ўқитувчини ўзига айтиб қўйиш яхшироқ бўларди.

Ўзи умуман, телевидение орқали кимнидир рухсатисиз танқид қилинаётганда иқтисодий ривожланган давлатлардагидек имкони борича уни таниб бўлмайдиган қилиб юзини кўрсатмасдан амалга ошириш тўғри бўлади, айниқса ёш болаларга бу жуда салбий таъсир қилади.»

Шерзод Шерматов келгусида журналистлар шу каби муҳим жиҳатларни эътиборга олишига умид билдирди.

Изоҳ билдириш