50263

Президент раислигида ДХХнинг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати

25 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида Давлат хавфсизлик хизматининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақида «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида хабар қилинди.

Мажлисгача давлат раҳбари ДХХ фаолияти ва унинг моддий-техник имкониятлари билан танишди.

Йиғилишда ДХХ тизимидаги ислоҳотлар натижалари ва истиқболга қаратилган вазифалар, ДХХнинг ташқи ва ички хавфларга қарши курашда бошқа давлат органлари ва идоралари билан ҳамкорлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш зарурлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган диний-экстремистик ташкилотларнинг собиқ аъзолари ва тарафдорларини оддий ҳаётга қайтаришга қаратилган тадбирлар самарадорлигини ошириш масаласига эътибор қаратди. Мазкур шахсларнинг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал этиш, ишга жойлаштириш ва жамият ҳаётига жалб қилиш бўйича топшириқлар берилди.

Шунингдек, давлат раҳбари коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича вазифаларни белгилаб берди.

Президент Ўзбекистон халқининг ижтимоий хавфсизлиги масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Озиқ-овқат, энергетика, тиббиёт ва бошқа соҳаларда хавфсизликни таъминлаш бўйича йўналишлар кўрсатиб берилди.

Изоҳ билдириш