36128

Истеъмолчи — ўз ҳуқуқини талаб қила олиши керак!

Ўзбекистон 16 апрель 14:55 198

Урганч шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига 2018 йил 19 январь куни Урганч шаҳри “А.Баходирхон” кўчасида яшовчи фуқаро Гулноза Имомқулова “Aртел Сервис Маркази”нинг Урганч филиали ходимларининг ҳатти-ҳаракатларидан норози бўлиб мурожаат қилди. Мурожаатда қайд қилинишича, Урганч шаҳри “П.Махмуд” кўчасида жойлашган савдо дўконидан “Artel” кир ювиш машинасини 3 323 000 сўмга харид қилган. Бироқ 3 кун ўтиб кир ювиш машинасининг носозлиги маълум бўлган.

Истеъмолчи Гулноза Имомқулова савдо дўконига бориб, бўлган воқеани тушунтириб, ушбу кир ювиш машинасини янгисига алмаштириб беришларини сўраган. Дўкон сотувчилари истеъмолчига рад жавобини бериб, “Aртел Сервис Маркази” Урганч филиалига мурожаат қилишини, агар “Aртел Сервис Маркази” Урганч филиали маҳсулот фойдаланишга яроқсиз деб хулоса берса, янгисига алмаштириб беришларини билдиришган.

Шундан сўнг фуқаро Г.Имомқулова “Aртел Сервис Маркази”нинг Урганч филиалига мурожаат қилган. Филиал ходимлари истеъмолчига маҳсулотни фақат таъмирлаб беришларини, нима сабабдан бундай ҳолатга келиб қолганлиги тўғрисида хулоса бера олмасликларини айтган.

Мурожаат юзасидан Урганч шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти, “Aртел Сервис Маркази” Урганч филиали, савдо дўкони ходимлари ва истеъмолчи иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди ва мурожаатда акс эттирилган ҳолат ҳақиқатлиги аниқланди.

“Aртел Сервис Маркази” Урганч филиали ходимларига Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг тегишли моддалари асосида тушунтириш ишлари олиб борилди. Нуқсонли кир ювиш машинаси эса янги “LG” русумли кир ювиш машинасига алмаштириб берилди.

Изоҳ билдириш