48894

ИИВ ахборот маркази тугатилди, вазифаларининг бир қисми Прокуратурага берилди

Ўзбекистон 6 ноябрь 8:26 540

Президентнинг 31.10.2018 йилдаги «Жиноий-ҳуқуқий статистика тизимини тубдан такомиллаштириш ва жиноятларни тизимли таҳлил қилиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5566-сон Фармони эълон қилинди.

Маълумот учун: ички ишлар органларининг асосий вазифаларидан бири криминалистик рўйхат юритиш ҳисобланади. Бунда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш учун мўлжалланган ҳисоб юритиш тизимлари ҳақида сўз бормоқда. Ҳисоб юритишни шартли равишда қуйидаги блокларга бирлаштириш мумкин:

жиноятлар, уларни содир этган шахслар ва жиноят ишлари ҳаракатланишининг ягона ҳисоби – барча суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судлар, жазони ижро этиш органлари ўзлари юритаётган жиноят ишлари тўғрисидаги тегишли маълумотларни ички ишлар органларига юборадилар. Бу ерга судланганлик ҳақидаги маълумотлар ҳам киритилади (масъул бўлинма – ИИВнинг Ахборот маркази). Бу идоравий ҳисоб юритилишини истисно этмайди;
маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахслар ва маъмурий ҳуқуқбузарлик сабабли маънавий, жисмоний ёки мулкий зиён етказилган шахсларнинг марказлаштирилган ҳисоби – маъмурий жавобгарлик соҳасидаги шунга ўхшаш маълумотлар базаси;
тезкор маълумотлар ҳисоби – тезкор қидирув фаолиятини муваффақиятли амалга ошириш ва жиноятларнинг олдини олиш учун зарур ахборотларнинг марказлаштирилган ҳолда тўпланиши. Бунда шундай маълумотларни тўплаш ва уларга ишлов бериш учун махсус билимлар талаб этилмайди (масъул бўлинма – ИИВнинг Ахборот маркази);
эксперт-криминалистика ҳисоби – шакллантирилиши махсус билимларни талаб этадиган картотекалар ва коллекциялар (ИИВ ЭКМ, Х.Сулаймонова номидаги РСЭМ ва бошқа эксперт муассасалари юритади).

2018 йил 1 декабрдан бошлаб ҳисобнинг биринчи блокини юритиш вазифаси прокуратура органларига топширилади. Шу сабабли ИИВ тузилмасидаги Ахборот маркази тугатилади. Қисқартирилаётган 258 та штат бирлиги республика даражасида Жиноий-ҳуқуқий статистика бошқармасини ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокуратураларида тегишли бўлимларни ташкил этиш учун прокуратурага берилади. Шунингдек Бош прокуратура Академияси тузилмасида Жиноятларнинг содир этилиши сабабларини тизимли таҳлил қилиш ва ўрганиш маркази ташкил этилади.

Янги «Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика» ягона ахборот тизими маълумотларни автоматик равишда тўплаш ва уларнинг холисоналиги таъминлашга йўналтирилган. Унда электрон статистик карточкалар шаклларини тўлдириш йўли билан жиноят ишлари, терговга қадар текширув материаллари, суд муҳокамаси ҳамда суд қарорлари ижросининг натижалари, шунингдек айбланувчи ва жабрланувчи сифатида жалб этилган шахслар бўйича маълумотларнинг марказлаштирилган ҳисоби юритилади.

Худди илгаригидек, барча ваколатли органлар, шу жумладан судлар карточкаларни тўлдиришда давом этадилар, бироқ бу электрон шаклда амалга оширилади. Бунинг устига, жиноят ишлари ҳамда терговга қадар текширув материалларига тартиб рақамлари Ягона ахборот тизимига тегишли статистик маълумотлар киритилгандагина берилади.

Шуни қайд этамизки, тизимнинг синов версияси 2019 йил 10 январдан, тўлиқ версияси эса 2019 йил 1 мартдан ишга туширилиши мўлжалланган. Шу сабабли тизимнинг синов версияси ишга туширилишига қадар ҳужжатларнинг қоғоз шаклидан, тўлиқ версияси ишга туширилишига қадар – бир вақтнинг ўзида ҳужжатларнинг қоғоз ва электрон шаклидан фойдаланилади.

Қолган ҳисоб юритиш ишлари ИИВда сақланиб қолади. Уларни янги Тезкор-маълумотлар бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари юритади. ИИВ МДҲ мамлакатларининг Давлатлараро ахборот банкига ҳуқуқий статистик маълумотларни тақдим этишда, шунингдек 1.01.2019 йилга қадар тўпланган ҳуқуқий статистик маълумотлар архивини сақлашда давом этади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2.11.2018 йилдан кучга кирди.

Самир Латипов.

Изоҳ билдириш