50344

Ҳукумат мобиль алоқасидан фойдаланиш кимлар учун мажбурий?

Технология 27 декабрь 13:08 687

 

2019 йилнинг 1 апрелидан ҳукумат мобиль алоқасидан фойдаланиш хизмат вазифаларини бажариш вақтида мажбурий ҳисобланади.

Рақамли иқтисодиёт, блокчейн, инновацион ечимлар – ушбу тушунчалар ҳаётимизга тобора чуқурроқ кириб бормоқда. Уларнинг турмушимизга сингиб бориши – мамлакатимиздаги технологик ривожни жадаллаштиради, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда рақамли технологияларнинг тезкор суръатларда татбиқ этилишини таъминлайди, инвестициялар оқимини оширади, ва энг асосийси – аввало,аҳоли учун қулай шароитларни яратишни таъминлайди. Шу билан бирга, ахборот хавфсизлиги ҳақида унутмаслик лозим.

Олдинга қўйилган мақсадларни амалга оширишнинг асосий шартларидан бири – хавфсиз коммуникацион платформанинг жорий этилишидир. Ўзбекистонда ҳукумат мобил алоқасини яратиш – бу борада муҳим қарор саналади. Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 13 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармони ҳамда бошқа ҳужжатларга асосан амалга оширилмоқда.

Ҳукумат мобиль алоқасини жорий этиш доирасида ҳозирги вақтда ЮМС мобил оператори томонидан махсус тариф режалари ишлаб чиқмоқда. Улар йиллик абонент тўлови асосида ўз ичига ойлик дақиқа, мегабайт ва SMSларни қамраб олади. UMS компаниясининг тажрибасидан маълумки, мазкур ечим фойдаланувчилар нуқтаи назаридан қараганда – ҳамёнбоп, фойдали ва қулайдир.

Лола ФИЛАТОВА, “UMS” МЧЖнинг тижорат бўйича директори:

– Ҳукумат аъзолари ҳамда давлат органлари ходимларини мобиль алоқа билан таъминлаш UMS мобиль алоқа оператори фаолиятининг стратегик йўналиши саналади. Мазкур янгилик доирасидаги тариф режалари декабрь ойининг охирига қадар жорий этилади. Айни вақтда зарур тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Давлат органлари ходимларининг янги тизимга уланиши босқичма – босқич амалга оширилиши кўзда тутилган.

Ҳукумат мобиль алоқасининг муҳим жиҳати абонентларга ҳукумат корпоратив мессенжери – УзЧатга махсус кириш ҳуқуқи берилишидадир. Мазкур илова Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан яратилган ва у мессенжерлар яратиш борасида илк инновацион ишланма саналади. Илова барча керакли функцияларга эга бўлиб, қатор муҳим ўзига хосликларга эга.

Тасвирда кўриб турганингиздек, ЎзЧат – жамоавий видео конференциялар ташкил этиш имконини беради. Бунда гуруҳ қатнашчилари сони 256 нафаргача етиши мумкин. ЎзЧатнинг барча функцияларидан хорижий мамлакатларда бўлган фуқаролар ҳам тўлиқ фойдаланишлари мумкин. Ушбу қулайликлар ишбилармон доира вакиллари иштирокидаги видео йиғилиш ва конференцияларни қатнашчиларнинг геолокациясидан қатъий назар, ОНЛАЙН режимида амалга ошириш имкониятини яратади. Мессенжер орқали юбориладиган маълумот, овоз ва видеолар криптографик ҳимояга эга ҳамда Ўзбекистон ва унинг ташқарисида конфиденциалликни таъминлайди.

Темур СОЛИЕВ, Лойиҳа бошқаруви Миллий агентлигининг бош мутахассиси:

– Абонентлар учун алоқани ташкил этишда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган сервердан фойдаланилади ва абонентларнинг мулоқот трафиклари мамлакат ташқарисига чиқиб кетмайди. Сервердаги маълумотлар шифрланган ҳолда сақланиб, ҳаттоки мессенжер администратори бу ахборотни кузата олмайди.

2019 йилнинг 1 апрелидан ҳукумат мобиль алоқасидан фойдаланиш давлат органлари, ташкилотлар, жойлардаги давлат бошқаруви органлари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари учун хизмат вазифаларини бажариш вақтида мажбурий ҳисобланади. Алоқанинг илк фойдаланувчилари – Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ходимларидир.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази.

 

Изоҳ билдириш